Нафақат ишга эҳтиёжи бор хотин-қизлар, балки иқтисодий аҳволи яхши, лекин ишлаш истагидаги аёлларнинг ҳам бандлигини таъминлаш керак — Сенат Раиси

Нафақат ишга эҳтиёжи бор хотин-қизлар, балки иқтисодий аҳволи яхши, лекин ишлаш истагидаги аёлларнинг ҳам бандлигини таъминлаш керак — Сенат Раиси

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг бориши билан танишиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида бўлди.

«Бирлик» МФЙда хонадонма-хонадон юриб, ишсиз хотин-қизлар, уларнинг бандлигини таъминлашга оид эҳтиёжлари, имкониятлари, тадбиркорликка қизиқиши бўйича ўтказилган ўрганишларнинг дастлабки натижалари таҳлил қилинди. Ўрганиш жараёнининг ўзида 54 нафар аёлнинг бандлиги таъминлангани, 11 нафарига кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинганлиги айтиб ўтилди.

616 та хонадонга эга маҳалланинг драйвери иссиқхоначилик бўлиб, 90 фоиздан зиёд хонадон айнан шу йўналиш орқали даромад топади. Ўтган йилда маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган 30 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга чиқарилган.

Маҳалла еттилиги билан кечган суҳбат жараёнида камбағалликни қисқартириш, бунинг учун оилавий тадбиркорликни, томорқачиликни, маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, айниқса хотин-қизлар орасида қўшимча касбларга ўқитиш ва иш билан таъминлаш орқали норасмий бандлик улушини камайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, еттиликнинг ўзаро ҳамкорлиги, масалаларни биргаликда бир тизим бўлиб, ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Хусусан, Сенат Раиси нафақат ишга эҳтиёжи бор хотин-қизлар, балки иқтисодий аҳволи яхши, лекин ишлаш истагида бўлган аёлларнинг ҳам бандлигини таъминлаш кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, масалага ҳар бир маҳалланинг ўзига хослиги ва драйвер соҳаларидан келиб чиқиб ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида хатлов жараёнида аниқланган эҳтиёжманд аёллар билан ҳам мулоқот ўтказилди. Айни пайтда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга яратилаётган шароитлар, таълим олиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунча берилди. Тикувчилик ҳунари бўлган 9 нафар аёлга ўзини-ўзи иш билан банд қилиб, оиласига қўшимча даромад келтириш имкониятини яратиш мақсадида тикув машиналари тақдим этилди.

Шундан сўнг «Бирлик» маҳалласида томорқачилик орқасидан яхшигина даромад кўраётган оилалар хонадонларига ташриф буюрилди. Турсунова Насибахон хонадонининг 10 сотих майдонида иссиқхона ташкил этиб, биринчи мавсумда бодринг, иккинчи мавсумда эса помидор етиштириб, 140 млн сўм даромад кўрмоқда.

Маҳалладаги бошқа бир хонадон соҳибаси Халикулова Махбуба 25 сотих иссиқхонада кўчатчиликни йўлга қўйган бўлиб, бу йил ўртача 500 млн сўм даромад кўришни режа қилган.

Хонадон эгалари билан суҳбат чоғида маҳаллада томорқасидан етарли фойдалана олмаётган оилаларга ҳам дастлабки босқичда томорқачилик сир-асрорларини ўргатиш, тажрибаларини оммалаштириш юзасидан таклифлар берилди.

Туманнинг «Обиҳаёт» МФЙ аҳолиси асосан ўз томорқаларида оилавий корхона ташкил этиб, интенсив усулда балиқ етиштириш билан шуғулланишади. Сенат Раиси маҳаллада «Арнасой чўртани» ва «Кушфар фиш» оилавий корхоналарини ташкил этган аҳоли хонадонларида бўлди.

Ушбу хўжаликлар эгалари балиқни увулдириқ ҳолатидан аҳоли дастурхонига етиб боргунга қадар бўлган жараёнгача етиштиришни йўлга қўйган. Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида фаолиятни кенгайтиришлари, қўшимча иш ўринлари яратишлари учун имтиёзли банк кредитлари ажратиладиган бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!