Миср делегациясининг учрашувлари

Миср делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 11 октябрь куни Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази мутасаддилари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида исломнинг асл моҳиятини тарғиб этишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар ислом олимларининг ўзаро бирлашиши, ҳамкорлик қилишида ғоят муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда бу борада қатор амалий қадамлар ташланмоқда.

Учрашувда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ва бошқалар мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг дин софлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида меҳмонларга маълумот берди.

Миср Бош имоми юртимизда ислом дунёсида машҳур кўплаб олиму уламолар етишиб чиққанини, мазкур таълим даргоҳи талабалари буюк аждодларимиз ишларининг давомчиси эканини таъкидлади.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида диний-маърифий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, ўқитувчилар тажрибасини ошириш, кадрлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ислом динидаги долзарб масалаларни давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ташкил этиш орқали илмий жиҳатдан таҳлил қилиш бўйича келишиб олинди. Шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий профессори унвони берилди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Ал-Азҳар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан суҳбатда Миср Бош имомининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги фаол мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатларимизнинг дўстона ва ишонч руҳидаги алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Мулоқотда диний бағрикенглик, эътиқод эркинлигини таъминлаш, соф ислом маърифатини, унинг инсонпарварлик ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.

Томонлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
 

Manba: uza.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!