Марказий Осиёда ягона туристик макон сари: Ўзбекистон ва Қирғизистон янги ташаббусларни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Қирғиз Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги директори Эдуард Кубатов билан учрашув ўтказди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги қўшма туристик маҳсулотлар ва трансчегаравий йўналишларни шакллантириш ҳамда ҳудудлар ва бизнес учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистонни Марказий Осиёнинг ягона туристик маконининг муҳим бўғинлари сифатида ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ташаббусларни кўриб чиқдилар.
Жумладан, олий даражадаги ташриф доирасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини имзолаш, доимий фаолият юритувчи Ўзбекистон–Қирғизистон туризм бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш, туристик аҳамиятга эга чегара ўтиш пунктларини биргаликда таҳлил қилиш ҳамда уюшган туристик гуруҳлар учун “Tourist Group Fast Track” механизмини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учинчи давлатлардан келувчи сайёҳлар учун муҳим бўлган чегара ўтиш пунктларига халқаро мақом бериш имкониятларини ўрганиш, 2027 йил учун халқаро тарғибот ишларининг қўшма календарини шакллантириш ва нуфузли халқаро туристик кўргазмаларда биргаликда иштирок этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашувда халқаро молиявий институтлар ва ривожланиш ташкилотлари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Самарқанддаги Халқаро туризм академияси базасида қирғиз мутахассислари учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш, икки мамлакат туроператорлари, меҳмонхона ва транспорт компаниялари иштирокида мунтазам B2B учрашувларини ўтказиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида Қирғизистон делегациясининг 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЯ–2026)да иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.
