ЖЧ-2026 тарихдаги энг катта углерод изини қолдириши мумкин
2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати тарихдаги энг катта углерод изини қолдириши мумкин. Бу ҳақда экспертлар маълум қилди.
Турнир тарихда илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтказилади. Аввалги мундиалларда эса 32 та терма жамоа қатнашган эди. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Учта мамлакатда ўтказилиши сабабли жамоалар узоқ масофаларга парвоз қилишга мажбур бўлади. Масалан, Майами ва Ванкувер шаҳарлари орасидаги масофа тахминан 4500 километрни ташкил қилади.
Футболчилардан ташқари, расмийлар, журналистлар ва мухлислар ҳам шаҳарлар орасида тез-тез ҳаракатланади. ФИФА ҳисоб-китобларига кўра, турнирга 5 миллиондан ортиқ мухлис ташриф буюриши кутилмоқда.
Лозанна университети (UNIL) мутахассислари ҳисобича, мусобақа давомида атмосферага чиқариладиган СО2 миқдори 9 миллион тоннага етиши мумкин.
Таққослаш учун, Париж-2024 Олимпиадасида бу кўрсаткич тахминан 1,75 миллион тоннани ташкил этган. Қатарда ўтган 2022 йилги жаҳон чемпионатида эса 3,17 миллион тонна СО2 чиқиндиси қайд этилган.
UNIL географи Дэвид Гогишвилининг таъкидлашича, Олимпия ўйинларида сўнгги йилларда углерод изини қисқартириш тенденцияси кузатилаётган бўлса, эркаклар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатида бунинг аксини кўриш мумкин.
Маълум қилинишича, 2030 йилги жаҳон чемпионатида стадионлар географияси янада кенгаяди. Турнир Аргентина, Уругвай ва Парагвайдаги учта очилиш ўйини билан бошланади, шундан кейин мусобақа Марокаш, Испания ва Португалияда давом эттирилади.
