Коинот ва инсон ҳақида рисола
Буюк олим шайх ул-ислом Абу Яъқуб Юсуф ибн Айюб ал-Ҳамадоний шундай дедилар: Ожиз ва муҳтожликларини кўрсатиш учун махлуқотини яратган, ҳеч нарсага ҳожати бўлмаган ҳолда, ҳамма нарсани бир-бирига боғлиқ ва ўзига муҳтож қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ояти каримада буюриладики:
«У ўз томонидан (яъни Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосия сураси, 13-оят). Бу ердаги «сизларга» калимаси билан Одам фарзанди назарда тутилган. Оятнинг маъноси бундай: «Бу оламдаги ҳамма нарсани сизлар учун яратдим. Чунки сизлар ожизликларингиз учун дунёдаги нарсаларга муҳтожсизлар. Сизлар ва сизлардан ташқари бошқа махлуқотларни ҳам худди шу тарзда Мен яратдим. Сизлар коинотнинг ҳукмдори ва саййид-хожаларисиз. Чунки коинот сизнинг тасарруфингиз остида, сизга хизмат учун муҳайё қилинган. Лекин бошқа бир жиҳатдан эса сизлар коинотнинг қулларисиз. Чунки коинотга муҳтожсизлар. Ҳолбуки, Мен ҳеч нарсага муҳтож бўлмаганим боис сиздан ва сизлар учун яратганим барча борлиқлардан устунман».
Дарҳақиқат, коинот (борлиқ) ожиздир, чунки у сизнинг хизматингизга топширилган. Сиз ҳам ожиз ва ҳожатмандсиз. Фойдаю манфаатга, яроқли нарсаларга муҳтож бўлганингиз учун дунё сизларга бўйсундирилди. Коинотнинг қадр-қиммати ва устунлиги очиқ-ойдин маълум. Зеро, у сиз учун фойдалидир. Сизнинг коинотдаги устунлигингиз ҳам очиқ-ойдин равшан. Чунки унинг фойдали ва завқли жиҳатларидан фойдаланишингиз мумкин. Шу боис коинот бир томондан ожиз бўлса, бир томондан саййид-хожадир. Сиз ҳам бир жиҳатдан борлиқни бошқарувчисиз, иккинчи жиҳатдан эса ожизу муҳтожсиз. Коинотнинг ожизлиги сенга муҳтож бўлгани сабаблидир. Устунлиги эса сенинг коинот ва унинг хизмати туфайли ҳаёт кечира олишингдир. Сенинг ожизлигинг – коинотсиз яшай олмаслигингдир. Хожа-саййидлигинг эса роҳатланиш учун кўзларинг билан дунёдан фойдаланмоғинг, лаззатланмоқ учун қулоғинг, маза тотмоқ учун оғзинг, ҳузурланмоқ учун бурнинг, хуллас, ҳаётингни давом эттирмоқ учун барча аъзоларинг билан дунё ва коинотдан фойдаланишингдир.
Коинот кўринишда сенинг фармонингга мунтазир. Сен эса маънан коинотнинг амрига бўйинсунасан. Чунки коинот бир таомдир. Сен уни еб, ўзингда ҳазм қиласан. Коинот ичимликдир. Уни ичиб тугатасан. Коинот кийимдир. Сен уни кийиб эскиртирасан. Коинот маскан-уйдир. Сен унда яшайсан. Уни баъзан таъмирлайсан, баъзан бузасан, баъзан қулатасан.
Коинот иссиқлиқ ва совуқликдир. Эҳтиёжингга қараб бу икковидан фойдаланасан. Иссиқлик истаганинг миқдорда бўлса, ундан тамоман фойдаланасан. Шунингдек, ҳожатга яраша совуқликдан ҳам тамоман фойдаланасан. Аммо бу иккиси эҳтиёжингдан ортиқ бўлиб, сенга фойдали ва лаззатли бўлмаса, улардан ҳожатинг, лаззатинг ва манфаатинг даражасида олиб, қолганини тарк этасан.
Коинот нур ва оловдир. Улардан ҳам эҳтиёжинг доирасида қўлланасан. Агар иккиси ҳожатдан ортиқ бўлса, ҳожатдан зиёдасини ташлайсан, ҳожатга ярашасини оласан. Эҳтиёждан ортиғини олмайсан.
Коинот сув ва тупроқдир. Улар иккаласи сен истаган ҳожатинг миқдорида ва мақсадинг ҳаддига мувофиқ бўлса фойдалидир. Агар улар наф етказиш даражасидан зиёда бўлса, унинг ҳам ортиғини тарк этасан.
Коинот ҳаво ва шамолдир. Булардан ҳожатинг доирасида ишлатсанг, сенга фойдалидир. Лекин ҳожатдан ортиб кетса, сени ўлдиради, маҳв этади, ҳалок қилади. Сен улардан тасарруфинг доирасида фойдаланиб, яшашинг ва ҳаётингни давом эттириш учун ишлатасан, ҳожатингдан ортиғини эса тарк этасан.
Коинот оила қуриш ва никоҳланишдир. Агар сен эҳтиёжинг андозасида фойдалансанг, сен учун манфаатли, завқли ва лаззатлидир. Бироқ бу ишда ҳаддан ошсанг, баданинг, қалбинг ва ақлингга зиён етади. Сен ҳожатингга яраша бу фойдалардан истифода этишга ҳақлисан, ҳожатингдан зиёдасини тарк этасан.
Коинот инсонлар билан бирга бўлиш, халқ билан аралашишдир. Фойдали бўладиган миқдордан ошмаса, бу иш яроқли ва мувофиқ бўлади. Лекин фойдали бўладиган миқдордан ошса, баданни эритиб, қалбни куйдиради. Сен тасарруфинг остидагиларга ҳокимлигинг билан халққа аралашишнинг ўлчовини англай оладиган кучга эгасан. Манфаатлисини олиб, зарарлисини тарк этасан.
Коинот уйқу ва уйғоқликдир. Булар баданнинг ривожига ва инсон табиатининг янгиланиши тозаланишига мувофиқ миқдорда бўлса, сен учун фойдалидир. Ривожланиш ва тозаланиш миқдоридан ошган тақдирда, баданинг ва табиатингга зарар етказадилар. Ҳолбуки, сен улар устидан ҳукмронсан. Сенинг вазифанг бу иккисидан ривожланишинг ва кучайишинг учун керакли миқдорда фойдаланишингдир. Баданингга зарар етказувчи ва жисмингни хароб этувчи зиёдасини эса тарк этишингдир.
Коинот ейиш, ичиш, эшитиш, ҳидлаш, сўз, иш, ҳаракат ва тўхташдир. Булар эҳтиёж даражасида ҳамда инсон табиати ва хилқати кўтара оладиган миқдорда бўлса, фойдали ва лаззатлидир. Бироқ эҳтиёждан ва инсон табиати кўтара оладиган миқдордан ошиб кетса, баданга, ақлга ва фаҳмга зарарлидир. Ҳолбуки, улар сенинг хизматингдалар ва сен уларга ҳокимсан. Баданингга нисбатан шафқатли бўлишинг керак. Булардан ҳаётингнинг давом этиши ва баданингнинг ривожланиши учун ҳожатинг қадар ҳамда табиатинг қувватига кўра фойдаланишинг керак. Нафсингга, баданингга, табиатингта ортиқчалик қиладиганларидан ва ҳаддан ошишдан ўзингни йироқ тут! Шунда ҳолинг ва вужудингнинг бардавомлигини таъминлаган бўласан.
Коинот тафаккур ва ботиний ишларда мулоҳаза юритишдир. Зоҳирий масалаларда теран назар ташлашдир. Бу ҳам инсоннинг қуввати ва табиати кўтарадиган даражада бўлса, энг фойдали, мувофиқ, лаззатли ва боқийроқдир. Аммо бу теран тушунча инсон тузилишининг чегарасидан тажовуз қилса (ҳаддидан ошса) ва табиатининг тоқати миқдоридан ошиб кетса, инсоннинг сезгирлигини ва ҳушёрлигини маҳв этади, ақлу идрокини барбод қилади. Ҳолбуки, сен тасарруфингда бўлган бу нарсалар устидан ҳукмронсан. Аслида сен амал қилишинг керак бўлган йўл – уларнинг миқдор ва даражасининг салоҳияти ҳақида мулоҳаза юритишинг керак, ундан зарурий ва фойдали бўладиган миқдорини белгилаб, қабул қилиб, зарар кўрсатувчи ва ҳалок этувчи ортиқчасини ташлашинг керак.
Коинот ирода ва истакдир. Чунки ундан сенга фойдалар бор. Зийраклик, ҳушёрлик тоқати миқдорида уни тасарруф этсанг ва табиат, хилқат баҳраманд бўладиган даражада идора этсанг, улар яратилишинг ва табиатинг тоқати етадиган меъёрда бўлса, фойдалари бениҳоядир. Бироқ сабру тоқат чегарасидан тажовуз қилса (чиқса), инсонни тамоман ҳалок этади ва каттаю кичик барча нарсаларни йўқ қилади. Ҳолбуки, сен хизматингдаги бу нарсаларни бошқарувчисан. Бу ишнинг чораси ва йўли мувоназатни сақлаш, ўлчов доирасида ҳаракат қилиш, ҳаддан ошмасликдир. Бу ҳолатда яшашинг, борлиғингни давом эттиришинг ва барқарорлигингни сақлашинг, боқий ва давом этишинг учун фойдалисини олиб, зарарлисини тарк этасан. Натижада сен яшайсан. Шунда тасарруфинг остида бўлган нарсалар сендан ҳукмдор ва Парвардигорларига шикоят қилмайдилар.
Ҳамд оламлар Рабби бўлган Аллоҳга хосдир. Пайғамбарларнинг энг хайрлиси ҳамда саййиди ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га ва унинг покиза яқинларига салоту саломлар бўлсин!
Manba: hidoyat. uz
