Камала Харриснинг самолётида техник муаммо юзага келди ва...

Камала Харриснинг самолётида техник муаммо юзага келди ва...

Бортида АҚШ вице-президенти Камала Харрис бўлган самолёт Лотин Америкасига парвози чоғида техник сабаб билан Мериленд штатидаги Эндрюс авиабазасига қайтишга мажбур бўлди. Бу ҳақда сиёсатчининг расмий вакили Симон Сандерсга таяниб, CNN хабар берди.

Хабарга кўра, лайнерда шасси билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Қўнишдан сўнг вице-президент унда «ҳаммаси жойида» эканини айтди. «Барчамиз бироз дуо қилдик, аммо ҳаммаси яхши», деб қўшимча қилди Харрис. Қўнишдан тахминан бир соат ўтгач, сиёсатчи бошқа самолётга чиқиб, белгиланган манзилга учиб кетди.

Харрис вице-президент сифатида ўзининг хорижга илк сафарини амалга оширмоқда. Дастлабки манзиллар Гватемала ва Мексика бўлади.

Харриснинг ушбу мамлакатлар билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаши кутилмоқда. Таъкидланишича, Харрис, хусусан, чегара хавфсизлиги ва иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.

АП хабарига кўра, Харрис Гватемалада жамият раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашишни режалаштирмоқда. Мексикада эса АҚШ вице-президенти тадбиркор аёллар билан учрашиб, давра суҳбати ўтказади.

Бундан ташқари, Харрис Лотин Америкасидаги коррупцияга эътибор қаратиши ва минтақа раҳбарларини коррупцияга қарши мажбуриятларини бажаришга ундаши кутилмоқда. У иммиграция сиёсати мавзусига ҳам тўхталади.

Собиқ сенатор Камала Харрис 2021 йилнинг январида АҚШ вице-президентига айланганди. У Америка тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!