Жиззахда аёлларни чет элга фошиҳаликка юборадиган 22 ёшли йигит аниқланди
Жиззах шаҳрида 22 ёшли йигитнинг одам савдоси билан боғлиқ жиноятлари фош қилинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи Х.Б. Малайзия, БАА ва Таиландга мунтазам бориб, тунги клуб ва фоҳишахоналарга ўзбекистонлик аёлларни жўнатиш билан шуғулланган.
У Instagram ижтимоий тармоғида профил очиб, Фарғона, Самарқанд, Сухондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятида яшовчи хотин-қизларни Тошкент шаҳрида яшовчи шериги орқали чет элга жўнатган. Аёллар хорижга боргач, Х.Б. уларнинг ҳар биридан 8 минг доллар талаб қилган. Бунга рози бўлмаганларни маҳаллий жиноятчиларга топшириб юбориш билан таҳдид қилган.
Таъкидланишича, жабрланувчилар чет тилини билмаганликлари, хориж қонунларидан бехабарликлари ҳамда қайтиш учун пуллари йўқлиги сабаб унинг шартларига кўнишган.
Ҳозирда айбланувчининг 20 нафар хотин-қиздан шаҳвоний мақсадларда фойдаланганлиги аниқланган. Хусусан, Таиландга сотилган 12 нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, 9 нафар жабрланувчидан аризалар олинган.
Ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.