Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида одамларнинг тириклайин ёнаётганини кўриш даҳшатли
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 376 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
▪️Босқинчилар Ғазо ва Байт-Лахиянинг маркази бўлган Жабалия лагерига ҳужум қилди. Кун давомида 61 киши ҳалок бўлди. Уруш бошланганидан буён 42344 киши шаҳид бўлди.
▪️Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12-кундирки фашистлар томонидан қамалда бўлган Жабалия лагеридан ярадорларни олиб чиқиш учун хавфсиз коридор очишни сўрамоқда.
▪️Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида қаршилик жангчилари босқинчилар билан шиддатли жанглар олиб бормоқда.
▪️Ҳизбуллоҳ Сафаддаги Нафтали ҳарбий базасига 50 дан ортиқ зарба берди ва Ҳайфа, Метулла ва Кирят Шмонага ҳужум қилди. Чегарада жанглар кетмоқда; 3 та “Меркава” танки портлатилган.
▪️Босқинчилар Ливаннинг Қана қишлоғи, Байрут чеккаси ва Бекаа водийсидаги турар-жой бинолари ва касалхонага ҳужум қилди.
▪️Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, босқинчилар ҳужумлари бошланганидан бери 2350 киши ҳалок бўлган, 10906 киши жароҳатланган.
▪️Франция президенти Макрон: Нетаняху ўз мамлакати БМТ қарори билан яратилганини унутмаслиги, шунинг учун ташкилот қарорларига эътироз билдирмаслиги керак.
▪️АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Исроил Ғазодаги гуманитар вазиятни яхшилаш учун келгуси бир ой ичида чора кўрмаса, АҚШдан ҳарбий ёрдам олиш билан боғлиқ қонуний жазоларга тортилиши мумкинлигини маълум қилди.
▪️АҚШ Давлат департаменти: Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида одамларнинг тириклайин ёнаётганини кўриш даҳшатли.