Исроил ҲАМАС етакчиларига Ғазони тарк этишига рухсат берадими?
Исроил гаровга олинганлар озод этилганидан кейин можарога барҳам бериш имкониятини тан олади ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларига Ғазо секторини тарк этиб, бошқа давлатга кўчиб ўтишга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Le Figaro газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Ҳукумат раҳбарининг тушунтиришича, Исроил гаровга олинганларни озод қилиш эвазига вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга тайёр, бироқ ХАМАС буни доимий сулҳсиз амалга оширишдан бош тортмоқда. Нетаняхунинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши ҲАМАСга Ғазо устидан назоратни сақлаб қолиш имконини беради ва улар гўёки «2023 йил 7-октабрда содир бўлган қирғинларни такрорлашлари» мумкин бўлади.
Шу муносабат билан у Фаластин ҳаракати раҳбариятини, хусусан, ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси Яҳё Синварни келишувга тўсқинлик қилаётганликда айблади.
«Агар улар сўзсиз таслим бўлиб, гаровга олинганларни озод қилсалар, уруш эртага тугаши мумкин», деди бош вазир.
Журналистнинг Исроил ҲАМАС етакчиларига «Ғазони тарк этиб, Жазоирга ёки бошқа жойга кетишига» рухсат берадими, деган саволига жавобан у «вақт келганда буни кўриб чиқиш мумкин», деди.