Испанияда ўқитувчилар ўқув йилидан олдин Исроилга қарши намойиш ўтказди
Испанияда Исроилнинг Ғазодаги геноцидига қарши оммавий норозилик намойишлари кучаймоқда. Педагоглар Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат бўйлаб кампания бошлади.
Фаластинни қўллаб-қувватлаш ва Исроилнинг геноцидини тўхтатиш мақсадида тузилган Marea Palestina ҳаракати Мадрид ва бошқа шаҳарларда тинч тарзда биноларни эгаллаш акцияларини ташкил этди.
Таълим ходимлари — ўқитувчилар ва университет профессорлари очиқ норозилик билдириб, ҳукуматдан Исроил билан барча алоқаларни, жумладан қурол савдосини тўхтатишни талаб қилишди.
Мадриддаги акция чоғида бир гуруҳ ўқитувчилар Bellas Artes биносида ўзларини тўсиб, Фаластин байроқлари ва “Эркин Фаластин: Геноцидга қарши таълим” ёзувли баннерни очишди.
Marea Palestina вакили, ўқитувчи Фернандо Масо:
"Дастлаб бу сиёсий кўринишда эди, аммо энди инсоний табиатга зид ҳолатга дуч келдик. Исроилга қарши бутун халқ сафбарор бўлиши шарт."
Акция Испания таълим соҳасидаги кўплаб касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
О‘қитувчи Гема Кинтана:
"Биз янги ўқув йилини гўё ҳеч нима бўлмагандек бошлашни истамаймиз. Кейинги ҳафта дарсларда талабаларга Ғазода бўлаётган воқеалар ҳақида гапирамиз."
Ўқитувчилар ҳафтанинг қолган қисмида ҳам тинч намойишларни давом эттиришни, Исроилнинг уруша жиноятлари ва геноцидини қоралашни ва ҳукуматдан Исроил билан ҳар қандай алоқани узишни талаб қилишни режалаштирмоқда.
2023-йил 7-октабрдан бери Испания таълим сектори ишчилари ва талабалари мунтазам равишда Исроилга қарши намойишлар ўтказиб келмоқда.
Мадриддаги Исроил элчихонаси норозиликлар “синфларда антисемитизм яратади” деган баҳона билан таъқиқланишини талаб қилган бўлса-да, бу талаб рад этилди.
Испания бугунги кунда Исроилга қарши энг кўп норозилик акциялари ўтказиладиган Европа давлатларидан бири бўлиб қолмоқда.
