"Ипотека банк" мансабдорлари томонидан гуруҳ бўлиб жуда кўп миқдордаги кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

"Ипотека банк" мансабдорлари томонидан гуруҳ бўлиб жуда кўп миқдордаги кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

АТИБ "Ипотека банк" Фарғона вилояти филиали мансабдор шахслари томонидан гуруҳ бўлиб жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, алдов, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жинояти содир этилганлиги аниқланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур банк вилоят филиали мансабдор шахслари "О.С.И" масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Ю. ва унинг шериклари билан олдиндан тил бириктириб, жиноят содир этган.

Хусусан, Фарғона шаҳрида жойлашган чорвачилик бино-иншоотларини сотиб олиш учун номи келтирилган жамият ҳисоб рақамига кредит маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ўтказилган. Лекин бинолар сотиб олинмасдан, 399 миллион сўмини аслида кўрсатилмаган техник хизматлар учун масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига, шундан 133 миллион сўмини жамият раҳбари А. Ю. нинг корпоратив пластик картасига ўтказиб, нақдлаштирилган. Қолган 266 миллион сўмни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориб, жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини талон торож қилганлиги аниқланди.

Шунингдек, масъулияти чекланган жамияти томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли суднинг ундирув қарори билан гаров мулки ҳисобланган чорвачилик бино иншоотларига қаратилган. Банк мансабдор шахслари фуқаро И.Кга мазкур бино-иншоотларини олиб беришни айтиб, заколат сифатида 19 минг 900 АҚШ долларини олиб, омонатга қўймасдан фирибгарлик йўли билан уни қўлга киритган.

АТИБ "Ипотека банк" Фарғона вилояти филиали мансабдор шахслари ва "О.С.И" масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Ю ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2 –қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!