Инвестиция бўйича ҳокимлар рейтинги эълон қилинди
Ўзбекистонда инвестиция жалб қилиш бўйича энг фаол ҳокимлар рўйхати эълон қилинди.
«Yuksalish» ҳаракати инвестиция самарадорлиги бўйича мамлакатнинг энг етакчи 35 та туман ва шаҳар ҳокимлари рейтингини тақдим этди.
Рейтинг натижаларига кўра, ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида юқори кўрсаткич қайд этган раҳбарлар аниқланган.
Унга кўра, Қобил Хамдамов (Олмалиқ шаҳри ҳокими) — 835,2 млн доллар билан рўйхатда мутлақ етакчилик қилмоқда.
Иккинчи ўринни Азамат Файзиев (Нурота тумани ҳокими) эгаллади — 719,4 млн доллар.
Анвар Баймуратов (Қораўзак тумани ҳокими) — 593,2 млн доллар билан учинчи поғонани якунлаб берган.
Шунингдек, кучли бешликдан Хуршид Тоҳиров (Қоракўл тумани, 581,3 млн доллар) ва Бекзод Мадаминов (Қўшкўпир тумани, 580,7 млн доллар) жой олган. Рейтингдан республиканинг турли вилоятлари, жумладан, Навоий, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилояти туманлари вакиллари ўрин олган.
Рўйхатдаги ягона аёл ҳоким — Олот тумани раҳбари Наргиза Неъматова бўлиб, у 226,5 млн долларлик кўрсаткич билан Топ-35 таликка кирган.
Рўйхатнинг якуний поғоналарини Отабек Носиров (Янгиер шаҳри), Алишер Абдуғаниев (Зомин тумани) ва Асадулла Нажмиддинов (Янгиқўрғон тумани) каби раҳбарлар банд этган. Ушбу кўрсаткичлар ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш борасидаги инвестицион муҳит нақадар фаол эканини кўрсатади.
