Ўзбекистонда бу ҳафта ҳаво 38 даражагача исийди
Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистоннинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат аста-секин кечалари +17…+20, кундуз кунлари +32…+38 даражагача кўтарилади. Жума куни жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Душанба кундузи республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида беқарор об-ҳаво шароити сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати +23…+26 даража бўлади. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат +27…+32 даражагача кўтарилади.
5–7 май кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикасида ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 5–8 май кунлари ҳарорат аста-секин кечалари +17…+20 даражагача, кундуз кунлари +32…+35 даражагача, жанубда +38 даражагача кўтарилади.
8 майда республиканинг айрим жойларида, жанубий ва шарқий вилоятлардан ташқари, қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
6–7 май кунлари шамолда ва чўл ҳудудларда, 8 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 4–5 май ва 8 май кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. 4 майда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат душанба кундузи +24…+26 даража бўлади, 5–8 майда аста-секин +30…+35 даражагача кўтарилади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, 8 майда шамол тезлиги 10–12 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
