Инфратузилманинг эскирганлиги мамлакатда энергетик барқарорликка эришишга тўсқинлик қилмоқда

Республикада мавжуд энергетик инфратузилманинг катта қисми жисмонан ва маънан эскирган. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги жами 86 минг 155,5 километр масофадаги 10 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларининг қарийб 40 фоизи, яъни 34 минг километрли қисми оз эмас, кўп эмас, 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилмоқда.
39 минг километрлик қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган вақт давомида, 21 минг 172 километр қисми эса 10 йилдан 25 йилгача бўлган муддат мобайнида ишлаб келмоқда.
Фақат 28 минг километрлик, яъни 20 фоиздан бир оз кўпроқ қисми 10 йилдан кам муддат ишлаган, холос.
Айни пайтда жисмонан ва маънан эскирган мазкур электр тармоқларини янгилаш, тизимни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун яқин 5 йил ичида 3,7 миллиард АҚШ доллари керак.
Шу билан бир қаторда, мавжуд 94 мингта трансформаторнинг 33 мингтаси таъмирга муҳтож. Биргина шунинг ўзи учун қўшимча 380 миллион АҚШ доллари зарур бўлади.
Магистрал газ қувурларига келсак, уларнинг ҳам 63 фоизи 30 йилдан кўпроқ, 29 фоизи эса 13 – 30 йилдан бери узлуксиз фойдаланиб келинмоқда. Мавжуд қувурларнинг атиги 8 фоизигина 12 йилдан камроқ вақт ишлатилган ва қониқарли ҳолатда.
Қувурларнинг маънан ва жисмонан эскириши оқибатида мамлакатнинг газ етказиб бериш инфратузилмаси ҳам ўз лойиҳа қувватининг атиги 35–38 фоиз даражасида ишламоқда.
Мавжуд энергия ресурсларини истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнининг ўзида катта йўқотишларга йўл қўйилмоқда. Бунинг асосий сабаби эса инфратузилманинг эскириб кетганлигига бориб тақалади.
Давлат томонидан йиллар давомида соҳани бюджет ҳисобидан субсидиялаш, янги қўшилган истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш каби ишлар учун кўп маблағ сарфлаб борилганлиги боис, инфратузилмани янгилаш ишлари анча орқада қолган.
Шу сабабли, келгуси 5 йилликнинг ўзида бир неча миллиард доллар маблағ айнан эскирган воситаларни янгилаш учун ажратилиши зарурати юзага келган. Бугунги мураккаб шароитимизда эскирган инфратузилмани модернизациялаш орқали йўқотилаётган ресурсларни истеъмолчиларга йўналтириш эса энергетикадаги узилишларга барҳам беради.
Шунинг учун ҳам биз, айниқса, яқин 5 йил давомида ва кейинчалик ҳам энергия ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланишга, шахсий сарф-харажатларимизни кузатиб боришга, тежамкорликка ўрганишимиз керак. Ана шунда истеъмол маданияти шаклланади.