Ғазоликлар 2025 йилни чодирларда қарши олди
15 ойдан буён давом этаётган уруш туфайли Ғазо секторидаги уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар 2025 йилни ёмғирдан ивиган чодирларда, болалари аёздан музлаб жон бергани учун кўзларида ёш, чуқур қайғу билан кутиб олди.
БМТ ҳисоботида Исроил ҳужуми натижасида Ғазодаги ҳар 10 аҳолининг 9 нафари уйини тарк этгани келтирилган. Кўчирилганлар оғир вайронагарчилик туфайли вақтинча чодирларда қийналиб кун кечирмоқда. Ҳаво совуши билан минтақада яшаш шароити янада оғирлашган, чунки одамлар нафақат озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги, балки қиш билан ҳам курашишга мажбур. Aйниқса, танаси чодир ичидаги қаттиқ совуққа дош бера олмайдиган ёш болаларга қийин.
Қиш яқинлашаркан, 2 миллиондан кўп фаластинлик яна гуманитар фалокатга дуч келган.
Охирги бир неча кун ичида кучли ёмғир туфайли чодирларни сув босди, кўчган инсонлар изтиробига чидаб бўлмайди.
Маълумотларга кўра, Ғазода совуқдан етти киши, жумладан олти нафар гўдак ҳалок бўлган.
- Байт Лоҳиядаги уйимдан қочиб, Ғазога келдим, - дейди Умм Саир Ал-Мисрий. - Оғир яраланган ўғлим билан бирга паноҳ топган чодиримиз сувга тўлди. Кийим-кечак, кўрпа-тўшак топиб бўлмаяпти. Болалар нам чодирларда ҳаётдан кўз юммоқда. Уруш имкон қадар тезроқ тугаши керак. Биз ҳаёт, хавфсизлик ва тинчлик тарафдоримиз, урушни хоҳламаймиз.
Фаластинлик аёл ҳам Ғазода давом этаётган зўравонликка чек қўйишни талаб қилиб, Фаластин халқи “на егулик, на ичимлик, фақат уруш тугашини исташи”ни қўшимча қилган.