Футбол: «Париж-2024» йўлланмаси учун кураш бошланди

Футбол: «Париж-2024» йўлланмаси учун кураш бошланди

Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубогининг дастлабки турини «А» гуруҳидан ўрин олган терма жамоалар бошлаб берди.

Мусобақа ва гуруҳнинг илк учрашуви «Abdullah bin Nasser bin Khalifa Stadium»да Австралия – Иордания термалари ўртасида кечди. Мазкур баҳсда ҳисоб очилмади ва терма жамоалар 1 очкони қўлга киритди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Қатар ва Индонезия «Jassim Bin Hamad Stadium»да ўзаро рақобатлашди. Учрашувда Али ҳамда Ал Рави киритган голлар эвазига мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Қатар биринчи турдан сўнг «A« гуруҳида 3 очко билан пешқадамга айланди. Австралия ва Иордания 1 очко билан кейинги поғоналардан ўрин олган бўлса, Индонезия мағлубият эвазига сўнгги ўринга жойлашди.

Бугун, U23 Осиё кубогининг «Б» гуруҳида Япония Хитой, Жанубий Корея – Бирлашган Араб Амирликлари, «С» гуруҳида Саудия Арабистони – Тожикистон, Ироқ – Таиланд терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.

Биз учун ушбу ўйинларнинг энг аҳамиятлиси, Жанубий Корея – БАА терма жамоалари ўртасидаги рақобатдир. Сабаби, мазкур беллашувни ҳамюртларимиз Рустам Лутфуллин бош ҳакам сифатида, қанотларда Санжар Шоюсупов ҳамда Алишер Усмонов бошқаради. Яна бир ҳакамимиз Фирдавс Норсафаров ВАР ҳаками вазифасини бажаради.

Маълумот учун, эртага 17 апрель куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Д» гуруҳидан ўрин олган Малайзия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувни Аҳмад Файсал Муҳаммад Алали (Иордания) бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга ҳамюртлари Айман Файсал Ҳамза Обайдат ва Аҳмад Мансур Самара Муҳсин қанотларда ёрдам беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!