Франция Президенти тунги Самарқандни айланди

Франция Президенти тунги Самарқандни айланди

Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди.

Давлат раҳбарлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон мажмуасига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ меъморчилиги дурдонасининг қурилиш тарихи, ноёб нақшлари, ушбу маскан билан боғлиқ машҳур воқеа ва шахслар хусусида сўзлаб берилди.

Франция Президентининг ташрифи Самарқандда ўтаётгани ва айнан Регистондан бошлангани бежиз эмас. Бу ерда халқларимиз ўртасидаги тарихий муштаракликни мужассам этган жиҳатлар кўп.

Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда, савдо ва илм-фан ҳомийси сифатида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга катта таъсир кўрсатган. XV асрда Парижда унинг шарафига «Европанинг халоскорига» деган ёдгорлик қўйилган. Амир Темур ва Франция қироли Карл VI бир-бирига мактублар юбориб, алоқа ўрнатган. Ёзишмаларда сиёсий масалалар билан бир қаторда савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам катта эътибор қаратилган.

Францияда буюк Соҳибқирон ва темурийлар ҳақида кўплаб илмий, бадиий асарлар яратилган. Жумладан, француз мутафаккири ва адиби Вольтер асарида Мирзо Улуғбек, машҳур ёзувчи Жюль Верн романида Регистон маҳобати ҳақида тўлқинланиб ёзилган.

Франция делегацияси айнан шу майдонда бўлиб турибди. Тунги чироқлар билан ёритилган мажмуанинг улуғворлиги ва гўзаллиги меҳмонларда катта завқ уйғотди.

Шундан сўнг Президентлар “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлдилар.

Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз ҳамда дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Хусусан, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган. Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Давлат раҳбарлари ўртасида самимий мулоқот бўлди. Самарқанд жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлгани, бугун ҳам халқаро саммит ва туризм марказига айланиб бораётгани қайд этилди. Меҳмонларга халқимизнинг бетакрор бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари, шу жумладан, олий даражадаги музокаралар 2 ноябрь куни бўлиб ўтади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!