Фаластинлик болалар совуқдан ҳалок бўлмоқда
Ғазо секторида совуқ ҳаво ва энг зарур шароитларнинг йўқлиги сабаб яна бир неча фаластинлик бола ҳаётдан кўз юмди.
Ғазо секторида кучли совуқ ва муносиб бошпана йўқлиги фонида болалар ўлими қайд этилмоқда. «Аш-Шифа» шифохонаси маълум қилишича, тўққиз ёшли фаластиналик қизалоқ Ҳедиль Ҳамеде ҳалок бўлган. Исроил ҳужумларидан сўнг у бошпана марказига айлантирилган мактаб биносида яшаб келаётган эди. Шифокорлар маълумотига кўра, бола қаттиқ совуқ ва ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб вафот этган.
Шунингдек, Тейм ал-Хаважа исмли чақалоқ ҳам совуқ уриши натижасида ҳалок бўлган. У оиласи билан Ғазо шаҳри ғарбида жойлашган Аш-Шати қочқинлар лагерисида бўлган. Шу тариқа, 10 декабрдан бери минтақани қамраб олган совуқ тўлқини сабаб ҳалок бўлган болалар сони камида уч нафарга етди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир ал-Бурш аввалроқ сектор жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида яна бир чақалоқ ҳалок бўлганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бола исроил зарбалари ортидан оиласи паноҳ топган, сув босган чодирда бўлган.
Учинчи кун давом этаётган «Байрон» номли арктик бўрон Ғазо секторидаги гуманитар инқирозни янада оғирлаштирмоқда. Кучли ёмғир, шамол ва ҳароратнинг кескин пасайиши натижасида минглаб чодирлар сув остида қолган. Уларда қарийб икки йил давом этган исроил ҳужумлари оқибатларидан қочган кўчирилган аҳоли жон сақлашга уринаётган эди.
Бундан ташқари, Ғазо сектори шимолидаги Жабалия шаҳрида аввал исроил бомбардимонлари натижасида шикастланган бино қулаган. Фуқаро мудофааси бошқармаси маълум қилишича, фожеа кучли бўрон ва ёмғирлар сабаб Бир ан-Наджа ҳудудида содир бўлган. Қулаган бинодан Бедран оиласи аъзолари қолиб кетган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган олти нафар ҳалок бўлганнинг жасадини олиб чиқишга муваффақ бўлган.
