Европа кенгаши «ДАИШ» ва “Ал-Қоида”га қарши санкцияларни узайтирди
Бугун Европа Кенгаши “ДАИШ” ва “Ал-Қоида”, шунингдек, ушбу ташкилотларга алоқадор гуруҳлар, жисмоний шахслар, корхона ва ташкилотларга нисбатан чеклов чоралари муддатини узайтирди.
Европа Иттифоқи санкциялари бир йилга – 2025 йил 31 октябргача узайтирилди.
Ҳозирги рўйхатга 15 киши ва 6 гуруҳ киради. Унда номи тилга олинганларнинг активлари музлатилади, жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланади.
Бундан ташқари, ЕИ жисмоний ва юридик шахсларига санкциялар рўйхатига киритилган шахсларга маблағлар, молиявий активлар ёки иқтисодий ресурслар тақдим этиш тақиқланади.
Брюсселда Европа Иттифоқи террорчилик хуружларини режалаштириш, молиялаш ва амалга ошириш, шунингдек, бутун дунё бўйлаб террорчилик тарғиботини тарқатиш орқали халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётганларга қарши курашишга тайёр эканлиги таъкидланди.
2016 йил сентябрь ойидан бошлаб Европа Иттифоқи мустақил равишда “ДАИШ” ва “Ал-Қоида”, шунингдек, улар билан алоқадор шахслар, гуруҳлар, корхоналар ва ташкилотларга қарши санкциялар жорий этган.
Илгари G7га аъзо давлатлар Яқин Шарқдаги кенг кўламли минтақавий урушни қандай тугатиш бўйича келиша олмаган эди. Европа Иттифоқининг Саудия Арабистонидаги собиқ элчиси Луиджи Нарбоннинг сўзларига кўра, кескинликни юмшатиш бўйича дипломатик ёндашув аниқ натижа бермаган.
Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари ўз фуқароларини Ливан ҳудудини тарк этишга чақирди.