“Эшак бизнеси” давом этади. Навбатдаги манзил — Жиззах

“Эшак бизнеси” давом этади. Навбатдаги манзил — Жиззах

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг Мингчинор қишлоқ фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчилар А.Б., Н.И., А.Ҳ. ва Ў.Қ. нинг қилмишига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.

Уюшган гуруҳ аҳолининг эшакларини ўғирлаш ва сўйиб, терисини ўртача 150 минг сўмдан пуллаш билан шуғулланиб келгани аниқланган.

Жумладан, Пахтакор туманидаги «Чўлдаги лола» фермер хўжалиги даласида юрган, Э. Қосимовга тегишли бўлган икки эшакни ўғирлаб кетган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари жабрланувчи Ш. Муҳиддиновнинг Пахтакор туманидаги «Яшил бўстон япроғи» фермер хўжалиги ер майдони четига боғлаб қўйилган эшагини ҳам ўғирлаб кетган.

Эшак эгаси эрталаб жонивор ўрнида йўқлигини билиб, атрофни излаб кўрган, лекин, топа олмагач, атрофдагилардан сўраган. Маҳаллада яшовчи болалардан бири келиб, унга даланинг четида гўшт борлигини айтганида у эшагини оёғидаги ипидан таниди ва уни кимдир сўйиб, терисини ажратиб олиб кетганини аниқлади. Бу иш ҳам мазкур жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилгани ўз тасдиғини топди.

Суд А.Б., Н.И., А.Ҳ., Ў.Қ.ни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топди ва 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!