Ерёнғоқнинг хусусиятларини биласизми?

Маълумотларга кўра, ерёнғоқдан ёғ олинади ва қовуриб қандолат маҳсулотлари ҳам тайёрлашда ишлатилади. Инсон ёнғоқни меъёрида истеъмол қилиш мия фаолиятини рағбатлантиради. Унинг таркибида инсон саломатлигига фойдали бўлган антиоксидантлар, калий ва кальций, магний, мис ва марганец мавжуд. Шунингдек, у енгил ҳазм бўлади ва юрак-қон томир касалликларида жуда фойдали.
Ўтган йил Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигида дуккакли экинлар экилган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача олинган даромад 15-20 миллион сўмни ташкил этди. Айниқса, бунда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан мош, ловия ва ерёнғоқ етиштириш салмоғи анча ортган.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани “Янгилик” маҳалласида яшовчи оилавий тадбиркор Зоҳид Раҳмонқулов ўн йилдан буён ерёнғоқ етиштириш билан шуғулланади. У деҳқон хўжалигига қарашли 15 гектар майдонда ерёнғоқ етиштиради. Шу билан бирга, маҳалладаги фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосилни ҳам улгуржи нархда сотиб олади. Бу маҳсулот аста секин Ўрта Чирчиқ туманининг савдо брендига айланмоқда.
– Аслида ерёнғоқ жуда кўп сув талаб қилмайди, – дейди З.Раҳмонқулов. – Унинг ҳосили куз фаслида пишиб етилади ва йиғиб олинган пайтда ёнғоқлар таркибидаги намлик 35-60 фоиз атрофида бўлиши лозим. Ҳосилни қуритиш учун ҳаво яхши айланадиган биноларда 8-10 сантиметр қалинликда ёйилади. Вақти-вақти билан жойида айлантириб туриш лозим. Шу билан бирга, ўсимликнинг пояси чорвачиликда тўйимли озуқа ҳисобланади.
Айни пайтда тадбиркор хонадонидаги кичик корхонада ҳафтасига 7-10 тонна ерёнғоқ қайта ишланиб, Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинади. Ҳозирча 10 нафар маҳалла аҳолиси иш билан таъминланган. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Анвар Хонтўраевнинг тавсияси билан яқиндагина 100 миллион сўмлик кредит ажратилди. Келгусида мазкур йўналишдаги ишларни туман даражасида янада ривожлантириш режалаштирилган.