Эрон: АҚШ билан келишув Ҳурмуз бўғозининг қайта очилишига олиб келади
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШ билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишув якунланиш арафасида эканини маълум қилди. Унинг айтишича, келишув доирасида Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ҳам назарда тутилган, Эроннинг ядровий дастури бўйича алоҳида музокаралар эса кейинроқ бошланади.
АҚШ расмийлари келишувнинг айрим жиҳатларини тасдиқлар экан, Эрон оладиган ҳар қандай иқтисодий имтиёзлар Теҳрон ўз зиммасига олган мажбуриятларни қандай бажаришига боғлиқ бўлишини таъкидлади.
Ҳурмуз бўғози нега муҳим?
Уруш 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари билан бошланган эди. Бунга жавобан Теҳрон Исроил ва Вашингтоннинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларига қарши ҳаракат қилди ҳамда жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газ ташувининг асосий йўлларидан бири ҳисобланган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпиб қўйди.
Апрель ойида эълон қилинган сулҳга қарамай, АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик тўлиқ бартараф этилмади. Томонлар вақти-вақти билан бир-бирига зарбалар бериб келмоқда.
Трамп нима деди?
АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни Эронга қарши режалаштирилган янги ҳужумларни бекор қилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, музокарачилар «яқин орада ажойиб келишувга» эришган ва ҳужжат тез орада имзоланиши мумкин.
Бироқ жума куни Эрон оммавий ахборот воситалари 14 банддан иборат эҳтимолий келишув тафсилотларини эълон қилганидан сўнг, Трамп бу маълумотларни рад этди.
«Бу маълумотларнинг келишилган шартларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва ҳақиқатдан йироқ», — деди АҚШ президенти.
Покистон ҳам тасдиқлади
Кейинроқ музокараларда воситачилик қилган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро англашув меморандуми бўйича келишувга эришилганини ва ҳозирда унинг якуний тасдиқланиши кутилаётганини билдирди.
Теҳронда ҳамма ҳам рози эмас
Эрон давлат ОАВларининг хабар беришича, Аббос Ароқчий мамлакатнинг Олий миллий хавфсизлик кенгашида келишув юзасидан турли қарашлар мавжудлигини тан олган.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг сўнгги шартларини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, унга қарши чиқувчилар ҳам бор.
⚠️ Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган
Шу боис АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий келишув ҳали расман кучга кирмаган. Бироқ агар ҳужжат тасдиқланса, у Ҳурмуз бўғозининг қайта очилиши, ҳарбий кескинликнинг пасайиши ва кенг қамровли ядровий музокаралар учун асос бўлиши мумкин.
