Дубайни тарк этиш тақиқланган ўзбекистонлик болага ватанга қайтишига ёрдам берилди
Ўзбекистон дипломатлари чет элда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтаришда ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Хусусан, Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Дубайдаги “Ал Рашид” шифохонасида қийин аҳволга тушиб қолган ва консуллик-ҳуқуқий ёрдамига муҳтож бўлган фуқаро қайтарилган.
У соғлиғида кузатилган муаммолардан шикоят қилиб, “Ал Рашид” шифохонасига ётқизилган. Муолажа давомида у 17 минг 835 АҚШ доллари ва БАА ҳудудида узрли сабаб билан бўлса-да, ноқонуний қолгани учун 4 минг 550 АҚШ доллари миқдорида қарз бўлган. Шу сабабли О.К.га мазкур шифохона ва БААни тарк этиш учун тақиқ қўйилган.
Вужудга келган муаммони яқиндан ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида дипломатлар “Ал Рашид” шифохонаси ҳамда БАА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари билан музокара олиб борган. Бунинг натижасида БАА томони ушбу фуқаронинг барча қарзларидан воз кечган ва Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилган.
Бош консулхона ва амирликлардаги “Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш маркази” хайрия ташкилоти томонидан О.К.га Дубай—Тошкент авиақатновига чипта сотиб олиниб, 15 ноябрь куни соғ-саломат Ўзбекистонга қайтарилган.
Бундан ташқари, Сибир пойтахтида оғир ҳаётий вазиятга тушиб олган ўзбекистонлик оила мамлакат Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди. Новосибирскда бўлган эр-хотин фарзандининг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолари туфайли ватанга қайта олмаган.
Россия томонидан зарур ҳужжатларни олиш учун барча имкониятлар ишга солинди. Натижада бола ва унинг ҳужжатлари аэропортда ота-онасига топширилган. Бола учун барча ҳужжатлар Бош консулхона саъй-ҳаракатлари билан Россия томонидан бир неча соат ичида тайёрлаб берилган.
Ушбу оила 22 ноябрь куни Россиянинг “С7” авиакомпанияси самолёти билан Ўзбекистонга қайтарилган.