Чиқинди хизмати учун тўлов қилмаганларнинг хорижга чиқиши тақиқланиши мумкин

Чиқинди хизмати учун тўлов қилмаганларнинг хорижга чиқиши тақиқланиши мумкин

“Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–189-сон, 11.08.2022 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари – санитар тозалаш корхоналаридан (давлат унитар корхоналари бундан мустасно) ундириладиган қуйидаги мажбурий тўловлар бекор қилинади.

2026 йил 1 январгача асосий фаолияти чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари учун ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қўлланилади.

Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспортлар ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддати 7 йилдан 10 йилга ҳамда бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.

2023 йил 1 январгача аҳолини унинг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловлар бўйича қарздорлиги ҳақида фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларни юритиш биллинг тизими орқали хабардор қилиш тизими жорий этилади.

2023 йил 1 январдан янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

2022 йил 1 октябргача аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни барча мавжуд тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

2022 йил 1 ноябргача қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва “Хорижга чиқиш паспорти” ахборот тизими билан интеграция қилиниши таъминланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!