Бухорода 61 та дўкон ичидаги нарсалари билан бирга ёниб кетди

Бухорода 61 та дўкон ичидаги нарсалари билан бирга ёниб кетди

7 январь куни соат 05:20 да Бухоро вилояти Ғиждувон туман ФВ бўлимига Ғиждувон тумани “Дегрезон” МФЙ Дегрезон кўчасида жойлашган 2 қаватли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар тушган.

Хабарга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари соат 05:23 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 05:45 да қуршаб олинган ва соат 07:50 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғинга 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Дастлабки маълумотда 250 кв.м майдон зарарлангани тўғрисида хабар берилган эди. Мутахассислар томонидан ёнғиндан сўнг олиб борилган атрофлича ўрганишлар давомида 2 қаватли савдо мажмуасининг “Б” блокидаги савдо дўконларининг 960 кв.м майдонда жойлашган 61 та дўкон ва ичидаги жиҳозлари (озиқ-овқат, кийим-кечак ва порфумерия буюмлари) ёниб зарарланган.

Қутқарувчиларнинг съай-ҳаракатлари натижасида ёнғиндан савдо мажмуасининг “Б” блоки ертўла қисмидаги 64 та савдо дўкони ҳамда мажмуанинг 6000 кв.м майдондаги А,Б блокларидаги ертўла қисми ва 1-қаватдаги жами 256 та савдо дўконлари сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Содир бўлган ёнғин юзасидан вилоят ИИБ ва ФВБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида ёнғин-техник экспертизаси тайинланган.

Воқеа жойига вилоят Ҳокими ва ўринбосари, вилоят ФВБ раҳбарияти, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар масъул ходимлари чиқишган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!