Британия ёнмоқда: Мамлакатдаги йирик тартибсизликларнинг асл сабаби нима?
Очиқланишича, болаларнинг пичоқланишида мусулмон айбдор деган ёлғон маълумот тарқатилган ва мамлакат бўйлаб нафрат уруғи сочилган.
Бир ҳафта олдин Ливерпул яқинидаги Саутпортда болалар рақс клубида уч қизнинг ўлдирилиши ортидан бошланган тартибсизликлар Британиянинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалиб, мамлакатни ҳайратда қолдирмоқда.
Дастлаб иштирокчилар сони кам бўлишига қарамай, ўтган ҳафта охирида тўқнашувлар географияси кескин кенгайди.
Охирги беш кун ичида мамлакатнинг турли ҳудудларида – Англиянинг Ливерпул, Бристол, Манчестер ва бошқа шаҳарларидан Шимолий Ирландиянинг Белфастгача бўлган шаҳарларида бир гуруҳ одамлар муҳожирлар учун ётоқхоналарни йўқ қилишга, масжидларга ўт қўйишга, полицияга ғишт ва шишалар улоқтиришга уринишган.
Якшанба куни Ёркшир гарафлигининг Ротерхем шаҳрида 500 кишилик оломон 100 дан ортиқ муҳожир вақтинчалик жойлаштирилган меҳмонхонани қуршаб олди. Полиция вазият устидан назоратни йўқотди, йиғилганлар меҳмонхонага тош ва молотов коктейли отишни бошлади.
Бошқа шаҳарларда тартибсизликлар миллатчилар ўртасидаги тўқнашувлар, кафеларга бостириб кириш ва дўконлардан ўғирликлар билан кечган. Ливерпулда тартибсизликлар оқибатида кутубхона ёниб кетди. Ўнлаб полициячилар яраланган. Душанба оқшомига келиб, 400 га яқин одам ҳибсга олинди.
Ушбу норозиликларни Саутпортда болаларни пичоқлаган йигитнинг исми Али Ал-Шакати ва у муҳожир ва мусулмон эканлиги ҳақидаги ёлғон маълумотлар сабаб бўлган. Аслида эса, гумонланувчи Британияда туғилган 17 ёшли Аксел Муганва Рудакубана бўлиб, унинг ота-онаси Руандадан келган. Оила насронийликни қабул қилган ва полиция жиноятнинг мумкин бўлган сабабини ҳали аниқламаган, аммо терроризмни олдиндан чиқариб ташлаган.
Жиноятчининг исмини ошкор қилишга вақт керак бўлган, чунки ўсмирлар қонун билан ҳимояланган. Шу вақт оралиғида ижтимоий тармоқларда мусулмон мигрант ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилган.
