Бош консуллик томонидан журналист ва блогерлар билан учрашув ташкил этилди

A A A
Бош консуллик томонидан журналист ва блогерлар билан учрашув ташкил этилди

Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги Татаристондаги етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва журналистлари ҳамда туризм йўналишида фаолият олиб борадиган блогерлар билан учрашув уюштирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда “ТатарИнформ” ахборот агентлиги, “Казанские ведомости” газетаси, Россия Давлат телерадиокомпаниясининг Татаристон Республикасидаги бўлими, “Новый век” телерадиокомпанияси, “Республика Татарстан” газетаси, “Ватаным Татарстан” газетаси, “Шэҳри Казан” газетаси, “Интертат” газетаси ижодий ходимлари ва блогерлар иштирок этишди.

Бош консулхона томонидан мамлакатмизнинг бой сайёҳлик салоҳияти, Ўзбекистон ҳудудларининг Татаристон Республикаси билан иқтисодий ҳамкорлиги, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга доир муҳим маълумот ва тақдимотлар учрашув иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Шу ўринда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти, жумладан “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимот давомида йиғилганлар эътиборига охирги йиллар давомида мамлакатимизга сайёҳлар оқимининг тобора кўпайиб бораёгани, Ўзбекистоннинг иқлим шароитларидан келиб чиқиб тўрт фаслни қамраб оладиган туризм йўналишлари, янги қурилаётган меҳмонхона ва бошқа инфратузилмалар, 91 мамлакат учун визасиз режим ўрнатилгани, 53 мамлакатдан транзит йўловчилар учун визасиз кириш тартиби жорий этилгани, шунингдек, халқимиз миллий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларини инобатга олган ҳолда зиёрат туризми йўналишида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганига оид маълумотлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро муносабатларда Татаристон Республикаси намуна бўлаётгани, яъни Татаристон Ўзбекистон ҳудудларининг муҳим ҳамкори эканлиги, иқтисодий кўрсаткичлар ва товар айирбошлаш ҳажми тобора ўсиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, Тошкент Халқаро инвестициявий форуми ва мамлакатимизда яқинда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида акредитациядан ўтган журналист сифатида иштирок этган “ТатарИнформ” ахборот агентлиги бош муҳарири Р.Билалов мазкур хизмат сафари давомида бўлиб ўтган тадбир ва учрашувлар, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида таниб бўлмас ижобий ўзгаришлар рўй бергани ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди. У, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб бораётган эътиборга молик ишлар, мамлакатимиз халқининг меҳмондўстлиги тўғрисида ҳам алоҳида тўхталди.

“Новый век” телерадиокомпанияси бош директори, Татаристон Республикаси Журналистлар уюшмаси раиси И.Аминов ўз чиқишида Ўзбекистон билан яқиндан таниш эканлиги, республикамизда журналистларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун эркин, қулай, юқори технологияларга асосланган шароитлар яратилганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир интиҳосида маҳаллий журналист ва блогерлар бугунги Ўзбекистон тобора янгиланаётгани ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар амалий натижаларини бераётганига доир хабар-мақолаларни ўзлари фаолият кўрсатадиган оммавий ахборот воситалари саҳифаларида ёритиш юзасидан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!