Болаликда қабул қилинган антибиотиклар астма ва аллергия хасталикларини келтириб чиқариши мумкин

Болаликда қабул қилинган антибиотиклар астма ва аллергия хасталикларини келтириб чиқариши мумкин

Янги аср тиббиёти антибиотиклардан воз кечиш тарафдори. Бу борада дастлабки қадамлар ташланяпти ҳам. Чунки бундай препаратлардан фойдаланиш борган сари оғир асоратларни келтириб чиқармоқда.

💊 Тўғри, баъзи хасталикларни даволаш, айниқса оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишда ушбу дори-дармонларнинг самарасини инкор қилиб бўлмайди.

Аммо борган сари бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ортаётгани жуда хавотирли. Аниқланишича, айни шу омил дунёда содир бўлаётган эрта ўлимнинг асосий сабабларидан бирига айланяпти.

Яқинда эса АҚШнинг Рутгерс ва Нью-Йорк ҳамда Швейцариянинг Цюрих университетлари олимлари томонидан бу борада ўтказилган қўшма тадқиқот натижалари эълон қилинди.

‼️ Қайд этилишича, кичик ёшли беморларда қўлланилган антибиотиклар уларнинг овқат ҳазм қилиш тизимида соғлом бактериялар ўлимига сабаб бўлади. Оқибатда жажжи организмда бора-бора астма ва аллергия касалликлари ривожланиши хавфи юзага келади.

Тадқиқот муаллифлари илмий хулосасини жониворларда синовдан ўтказди. Тажриба давомида беш кунлик сичқонларга антибактериал воситалар — азитромицин ёки амоксициллин берилди.

Орадан маълум вақт ўтиб, яъни жониворлар улғайгач, уларда иммунитет реакцияси кузатилди. Яъни бундай дори-дармонларнинг кучли аллергия хасталикларини келтириб чиқариши маълум бўлди.

Олимларнинг таъкидлашича, бу тадқиқот антибиотиклардан фойдаланишни чеклаш ёки келгусида улардан бутунлай воз кечиш учун яна бир муҳим асос бўлиб хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!