БМТ ЕИК Ўзбекистонни савдони осонлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлайди

БМТ ЕИК Ўзбекистонни савдони осонлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлайди

БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) сайтида "ЕИК Ўзбекистон ва SPECAга аъзо давлатларга рақамлаштириш воситалари орқали савдони осонлаштириш ва барқарорликни ривожлантиришга ёрдам беради" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Нашрда таъкидланишича, салоҳиятни ошириш бўйича қатор тадбирлар доирасида ЕИК БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастурига (SPECA) аъзо давлатлар, Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида бўлган Ўзбекистонга савдони осонлаштириш ва таъминот занжирларидаги ахборот оқимларини рақамлаштиришда ёрдам кўрсатмоқда.

"ЕИК Ўзбекистон билан савдони осонлаштириш бўйича ҳамкорликнинг ўн йиллик тажрибасига таяниб савдони осонлаштириш бўйича миллий "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга кўмаклашмоқда. Бу ЕИК кўмагида тайёрланган ва СПЕCАга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан 2023 йилги саммитда қабул қилинган БМТ ҳуқуқий ҳужжатлари ва стандартларидан фойдаланган ҳолда Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб мультимодал маълумотлар ва ҳужжатлар алмашинувини рақамлаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни амалга оширишнинг бир қисмидир", – дейилади мақолада.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон томони таклифига кўра, 2024 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида ЕИК томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси билан биргаликда мультимодал маълумотларни рақамлаштириш ва ҳужжат алмашиш бўйича стандартларини қўллаш юзасидан салоҳиятни ошириш мавзусида семинар ташкил этди.

ЕИК Ўзбекистонга Савдони осонлаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни якунлашда ёрдам берди. Ушбу жараён доирасида Ўзбекистонда маълумотлар ва ҳужжатларни мультимодал алмашиш учун CЕФАCТ стандартларини жорий этиш бўйича бир нечта ишчи гуруҳлар тузилди. Жараён шу йилнинг ёзида якунланиши кутилмоқда.

"Ҳукумат "йўл харитаси" ни тасдиқлаш учун ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар гуруҳини жалб қилиш ва уни мамлакатнинг барқарор ривожланиши бўйича кейинги саъй-ҳаракатлари учун мустаҳкам асосга айлантириш ниятида", – деб ёзилган мақолада.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!