Бир кунда қамал остидаги Ғазода яна олти киши, жумладан бир бола очликдан ҳалок бўлди
Исроил армияси томонидан қамал қилинган Ғазо секторида сўнгги 24 соат ичида яна олти нафар фаластинлик, жумладан бир бола очлик ва ўткир тўйиб овқатланмасликдан ҳалок бўлди.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён анклавда очликдан ҳалок бўлганлар сони 367 нафарга етди, улардан 131 нафари болалардир.
БМТ қўллаб-қувватлаган Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичлари таснифи (IPC) 22 август куни эълон қилган ҳисоботида Ғазо шаҳрида “ҳалокатли очарчилик” мавжудлигини тасдиқлаган. Ҳисоботда 15 август ҳолатига кўра, Ғазо секторидаги вазият “ҳалокатли” деб номланувчи IPCнинг 5-даражасига етгани қайд этилган.
“22 ойлик шафқатсиз ҳужумлардан сўнг Ғазо секторида ярим миллиондан ортиқ одам очлик, қашшоқлик ва ўлимга олиб келувчи шароитларга дуч келди”, — дейилади ҳисоботда. Фақатгина 22 августдан буён ўткир тўйиб овқатланмасликдан 89 киши, жумладан 16 бола ҳалок бўлган.
Ғазо “очликдан ўлмоқда”
Ғазо сектори Исроилнинг қаттиқ блокадаси остида бўлиб, гуманитар ёрдам кириши кескин чекланган. Бу эса аҳолини ичимлик суви, дори-дармон, тиббий анжомлар ва гигиена воситалари танқислигига дучор қилмоқда. Айниқса болалар оғир аҳволда қолмоқда, очликдан ўлимлар сони кун сайин ортиб бормоқда.
2,3 миллион аҳоли яшайдиган Ғазода Исроил ҳужумлари ва буйруқлари оқибатида 2 миллион киши кўчирилган. Улар асосий ресурслардан маҳрум ҳолда вақтинчалик чодирлар ёки гавжум мактаб биноларида яшашга мажбур бўлиб, санитария шароитлари йўқлиги туфайли юқумли касалликлар кенг тарқалмоқда.
2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари оқибатида камида 63 633 фаластинлик ҳалок бўлди, 160 914 нафар яраланди. 2025 йил 18 мартдан бери, Исроил оташкесим келишувини бузганидан сўнг эса 11 502 киши ҳалок бўлди, 48 900 киши жароҳат олди.
Халқаро ва маҳаллий ташкилотлар Исроилни очлик ва ташналикдан қурол сифатида фойдаланишда айблаб, жаҳон ҳамжамиятини блокадани бекор қилишга ва тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш учун зудлик билан чора кўришга чақирмоқда.
