Беларусь: Украина томонидан ҳужум тайёрланаётгани ҳақида аломатлар йўқ
Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин мамлакат атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазият барқарорлигича қолаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Беларусь ҳарбийлари ҳозирча НАТО ёки қўшни Украина томонидан сезиларли ҳарбий фаолликни кузатмаяпти.
«Биз ҳеч қандай таҳдид, кескинлик ёки кутилмаган ҳужумга тайёргарлик аломатларини кўрмаяпмиз», — деди Хренин.
Вазирнинг таъкидлашича, қўшни давлатларда НАТОнинг чекланган миқёсдаги машғулотлари ўтказилмоқда, аммо Украина томонидан тажовузкор ҳаракатларга тайёргарлик кўрилаётганини кўрсатувчи белгилар мавжуд эмас.
Хренин оммавий ахборот воситаларида турли тахминлар билдирилаётганини қайд этиб, Украина учун ҳам Беларусь чегарасида кескинлик юзага келтириш манфаатли эмаслигини айтди.
Шу билан бирга, у Беларусь Мудофаа вазирлиги жанубий чегарада хавфсизлик чораларини сақлаб қолаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, махсус операция кучларининг минимал таркиби чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида чегарачилар билан ҳамкорликда хизмат қилмоқда.
«Энг муҳими, биз ҳар қандай кутилмаган вазиятга тайёр бўлишимиз керак. Шу боис жанубий чегарада қўшинларнинг минимал таркибини сақлаб турибмиз», — деди Беларусь мудофаа вазири.
