Байден Марказий Осиёнинг беш давлати президентлари билан учрашади

Байден Марказий Осиёнинг беш давлати президентлари билан учрашади

АҚШ президенти Жо Байден келаси ҳафта тарихда илк бор Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Учрашув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида бўлиб ўтади, деб маълум қилди АҚШ президенти маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Шавкат Мирзиёев келгуси ҳафта АҚШга жўнаб кетиши ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилганди.

“Бу C5+1 форматидаги илк президент саммити бўлади”, — деди Салливан.

У мазкур саммит қайсидир давлатга қарши қаратилмагани, гап АҚШнинг Марказий Осиёдаги беш давлат билан йўлга қўйиши мумкин бўлган позитив кун тартиби ҳақида кетаётганини таъкидлади.

“Учрашувда бир қатор масалалар муҳокама қилинади: минтақавий хавфсизликдан тортиб савдо ва ўзаро муносабатлар, иқлим ўзгаришигача”, — деди Салливан.

Учрашув олдидан АҚШ президенти БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлайди ва у ерда дунёнинг “шошилинч муаммолари”ни ҳал этиш чораларини баён қилади.

5 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси очилди. 19—23 сентябрь кунлари президентлар, ҳукумат раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этадиган олий даражадаги ҳафталик бўлиб ўтади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!