Банкоматлардаги нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ хабарлар юзасидан маълумот берилди

Банкоматлардаги нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ   хабарлар юзасидан маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда банкоматлардаги нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

🔸Жорий йилнинг март ойи иккинчи ярмидан бошланган миллий валюта – “сўм”да нақд пулга бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида Марказий банк томонидан муомалага март ойида 1 трлн. 119 млрд. сўм, апрель ойида – 6 трлн. 343 млрд. сўм, май ойининг ўтган 11 кунида 1 трлн. 100 млрд. сўм қўшимча нақд пуллар чиқарилди.

🔸Жумладан, март-апрель ойларида қўшимча чиқарилган нақд пулларнинг 8 трлн. сўми аҳолининг нақд чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган кескин ошган талабини (ушбу 2 ойлик талаб одатдаги 11,1 трлн. сўмдан 19,3 трлн. сўмга етган), 4-4,5 трлн. сўми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган қўшимча талабни (17 трлн. сўмдан 22 трлн. сўмга етган) қондиришга йўналтирилди.

🔸Мавсумий иқтисодий фаолликнинг ортиши сабабли 2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан муомалага қўшимча равишда 2,5 трлн. сўм нақд пул чиқарилган бўлса, жорий йилнинг март-апрель ойларининг ўзида (май ойини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 баробарга ошди.

🔸Марказий банк томонидан жойлардаги банклар филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда ва аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва заҳиралари мавжуд.

🔸Юзага келаётган қисқа муддатли узилишлар нақд пулларни жойларга етказиб бериш, яъни логистикаси ва банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ эканлигини ҳамда мазкур масала Марказий банк томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз.

🔸Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолининг товарларни харид қилишларида ва хизмат кўрсатишда банк карталари орқали ҳисоб-китобларда тўлов терминалларидан тўлақонли ва узлуксиз фойдаланишлари ушбу муаммоларга барҳам берилишига кўмак беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!