БАА делегацияси Самарқанддаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди

БАА делегацияси Самарқанддаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди

Шаржа амирлиги Ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий бошчилигидаги БАА делегацияси Самарқанддаги бир қанча тарихий масканлар, қадамжоларга ташриф буюрди.

Хусусан, делегация вакиллари Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир ва Хўжа Дониёр мақбаралари ҳамда Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Шунингдек, Амир Темур даври ва мақбараси тарихи, Темурийлар даврида илм-фан, маданият ривожига қаратилган эътибор ҳақида маълумот берилди.

Конигил туризм қишлоғи, айниқса, меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу ердаги узоқ йиллик тарихдан ҳикоя қилувчи буюмлар, урф-одатлар, қадриятлар, миллий либослар ва таомлар делегация вакилларида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, меҳмонлар "Афросиёб" музейи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, "Silk Road Samarkand" туризм марказида ҳам бўлишди.

БАА делегациясининг қадимий ва навқирон Самарқандга ташрифи муҳташам Регистон мажмуасидаги саёҳат билан якунланди.

"Ўзбекистонга ташрифимиз унутилмас бўлди. Саёҳатимизни тарихий Бухоро шаҳрида бошладик, кейин Самарқандни зиёрат қилдик ва бу ерда умумий тарихимизни намойиш қилувчи археологик кўргазманинг очилиш маросимида қатнашдик, — деди Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий. — Мен барчани ушбу ажойиб мамлакатда саёҳат қилишга чақираман. Ўзбек халқи билан учрашиш, танишиш жуда ажойиб. Умид қиламанки, юртингизга яна кўп марта келиш насиб қилади".

Шаржа амирлиги Ҳукумати ижрочи раиси барчани Самарқандда очилган кўргазмага таклиф қилди.

Маълумот учун, делегация Ўзбекистонга ташрифи давомида Бухорода ҳам бўлиб, бир қанча тарихий қадамжоларни
зиёрат қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!