Айрим иссиқхоналар учун солиқ 10 баробарга оширилиши мумкин
Ўзбекистонда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида жойлашган иссиқхоналар учун мол-мулк ва ер солиғини 10 баробарга ошириш таклиф қилинмоқда.
Бу Солиқ кодексига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида белгиланган.
Гап Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар ҳақида бормоқда. Агар лойиҳа қабул қилинса, ушбу ҳудудларда анъанавий ёқилғи ёрдамида иситиладиган иссиқхоналар учун мол-мулк ва ер солиғи амалдаги ставкадан 10 баробар юқори бўлади. Шунингдек, уларга солиқ имтиёзлари ҳам қўлланилмайди.
Бироқ электр энергияси билан иситиладиган ёки иситиш қозонхоналари бутунлай олиб ташланган иссиқхоналар мазкур тартибдан мустасно этилади. Улар учун оширилган солиқ ставкалари татбиқ қилинмайди.
Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, бу ташаббуснинг асосий мақсади ҳавони ифлослантирувчи иссиқхоналар сонини қисқартириш, тадбиркорларни экологик тоза ва энергия тежамкор технологияларга ўтишга рағбатлантириш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ҳаво сифатини яхшилашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат ҳозирча қонун лойиҳаси ҳисобланади. У жамоатчилик муҳокамасидан ўтгач ва қабул қилинган тақдирдагина кучга киради.
