Август — Бухоро, ноябрь — Сино: Тожикистонда ойлар номларини ўзгартириш таклиф қилинди

Август — Бухоро, ноябрь — Сино: Тожикистонда ойлар номларини ўзгартириш таклиф қилинди

Фейсбук даги тожик фаолларидан бири Амруллоҳи Низом Тожикистонда ойлар номларини ўзгартиришни таклиф қилди. У ижтимоий тармоқдаги Ахбор барои афкор (Мулоҳаза учун ахборот) гуруҳи саҳифасида ойларни қайта номлаш бўйича ўз вариантини тақдим қилди. Бироқ унинг бу таклифи фойдаланувчиларда катта иштиёқ уйғотмаган.

Низомнинг фикрича, Тожикистонда ҳижрий йил ҳисоби қайтарилишининг кўплаб сабабларга кўра иложиси йўқ. Биз григориан тақвимига кўникиб қолганмиз , деб ҳисобламоқда у.

Бироқ, у ойлар номини географик номлар, тарихий воқеалар ва машҳур шахслар шарафига қайта номласа нима бўлиши борасидаги савол билан юзланган. Мисол учун, у мартни Наврўз, август ойини Бухоро деб қайта номлашни таклиф қилмоқда.

Низом ойларни қуйидагича қайта номлашни таклиф қилди:

Январь - Сосон, Сосонийлар давлати шарафига;

Февраль - Сомон, Сомонийлар давлати асосчиси шарафига;

Март Наврўз;

Апрель Нўъмон, ҳанафий мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам (Абуҳанифа Нўъмон ибн Собит) шарафига;

Май - Носир, файласуф, шоир Носири Ҳусрав шарафига;

Июнь - Бўхтар, Бақтрия давлати шарафига;

Июль - Ашкон, Ашконийлар тожик давлати шарафига;

Август - Бухоро ёки Рудакий тожик мумтоз адабиёти асосчиси, шоир Рудакий шарафига;

Сентябрь - Дониш, 19-аср маърифатпарвари Аҳмад Дониш шарафига;

Октябрь - Айний, тожик адиби Садриддин Айний шарафига;

Ноябрь - Сино, буюк олим Абу Али ибн Сино шарафига;

Декабрь - Ялдў, йилнинг энг узоқ куни шарафига.

Эслатиб ўтамиз, аввал шундай ташаббусни 2002 йилда Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурот Ниёзов билдирганди. Ниёзовнинг таклифига кўра, барча ойлар ва ҳафта кунлари номлари ўзгартирилган.

Жумладан, январь туркманбоши , февраль байдоқ , март Наврўз , апрель Гурбонсултон-эже (собиқ президентнинг онаси шарафига), май Маҳтумқули (туркман шоири шарафига), июнь Оғуз (Оғузхон шарафига), июль Гўркут-ата (туркман достони қаҳрамони шарафига), август Алп арслон (туркман саркардаси шарафига), сентябрь руҳнома (Ниёзовнинг китоби шарафига), октябрь гарашсислик ( мустақиллик ойи ), ноябрь Санжар (Султон Санжар шарафига), декабрь битараплик ( дахлсизлик ойи ).

Бироқ бу ўзгаришлар Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келгач, у томондан 2008 йилда бекор қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!