АҚШ ва Украина делегациялари Майамидаги музокараларни якунлади
АҚШ ва Украина делегациялари ўртасида Майами шаҳрида ўтказилган учрашув ўз ниҳоясига етди.
Учрашувда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер иштирок этди. Украина тарафидан эса Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда Бош штаб раҳбари Андрей Гнатов қатнашди. Учрашув натижаларига оид батафсил маълумотлар, ҳозирча ошкор этилмаган.
Майамидаги муҳокамалар Уиткофф ва Кушнернинг Москвага қилган ташрифидан уч кун ўтгач ташкил этилди. 2 декабрь куни улар Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан беш соатлик музокара ўтказган эди. Ушбу музокараларда АҚШнинг Украина билан келишилган янги таҳрирдаги тинчлик режаси муҳокама қилинган.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков бу ҳақда музокара якунида умумий муросага келинмагани, бироқ айрим АҚШ таклифлари «маъқул жиҳатларга эга» эканини билдирганди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса музокаралардаги энг мураккаб масала — Россия босиб олган ҳудудларнинг тақдири эканини таъкидлаб келмоқда.
Унинг айтишича, Киев Донбасстан қўшинларни чиқариш ҳақидаги Москва талабини қабул қилмайди ҳамда АҚШ томонидан таклиф қилинаётган ноаниқ хавфсизлик кафолатларини ҳам қониқарли деб ҳисобламайди.
Ушаков эса Москвада олинган ҳужжатларнинг мазмунини ошкор қилмади, бироқ улар «узоқ муддатли тинчлик ечими»га қаратилганини таъкидлади.
Дональд Трамп Уиткофф ва Кушнернинг Москва сафаридан олинган ҳисоботни «жуда яхши» деб баҳолаган бўлса-да, аниқ натижаларга ҳануз эрта эканини айтди.
Майамидаги йиғилиш – АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги бир неча кунлик интенсив дипломатик марафоннинг навбатдаги босқичи бўлиб, ҳозирча тарафлар ўртасида аниқ келишув йўқ. Тинчлик режасининг асосий пунктлари бўйича кескин фарқлар сақланиб қолмоқда ва ҳудудий масала музокараларнинг энг катта тўсиғи бўлиб турибди.
Шу билан бирга, АҚШ ва Россия ўртасидаги бевосита мулоқот қайта фаоллашаётгани халқаро дипломатияда янги босқич бошланганини кўрсатмоқда.
