АҚШ Афғонистоннинг миллиардларини қайтармоқчи эмас...

АҚШ Афғонистоннинг миллиардларини қайтармоқчи эмас...

АҚШ президенти Жо Байден ҳукумати Афғонистоннинг хорижий захираларини қайтармасликка қарор қилди ва бу борада «Толибон» расмийлари билан музокараларни тўхтатди.

“Биз Афғонистон марказий банкини қайта капиталлаштиришни қисқа муддатли вариант сифатида кўрмаяпмиз”, деган АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст 15 август куни, «Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан роппа-роса бир йил ўтиб The Wall Street Journal нашрига.

Бу қарор ўтган ой Кобулда “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирийни ўлдирган АҚШ дрон ҳужуми билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.

“Айтиш керакки, «Толибон»нинг “Ал-Қоида” етакчиси Айман ал-Завоҳирийга бошпана бергани, террорчи гуруҳларга маблағ ўтказиб юборилиш эҳтимоли бизни хавотирга солади”, — деган Уэст журналга.

Ўтган йили АҚШ қўшинлари Афғонистондан муваффақиятсиз олиб чиқилгач, Вашингтон мамлакат валюта захираларининг 7 миллиард долларини музлатиб қўйган эди. Шундан сўнг расмийлар маблағнинг ярмини 11 сентябрь терактлари қурбонлари оилаларига тўлаш учун ажратишга қарор қилди.

Бошқа давлатлар бунга қўшимча равишда Афғонистоннинг 2 миллиард доллар маблағини музлатиб қўйган.

Ўтган ҳафта Оқ уйга етказилган 70 иқтисодчи ва экспертнинг мактубида “бутун бир халқни ўзлари танламаган ҳукумат хатти-ҳаракатлари учун жамоавий жазолаш маънавий жиҳатдан қоралаш, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ақлсизликдир” дейилади.

Валюта захираларининг йўқолиши Афғонистонни ўткир гуманитар инқирозга олиб келди, чунки марказий банк юқори инфляцияга қарши курашиш ва очлик ёқасидаги аҳолини қутқариш учун ресурсларга эга эмас.

Save the Children ноҳукумат ташкилоти ҳисоботида айтилишича, афғон оилаларининг 97 фоизи ўз фарзандларини етарлича озиқ-овқат билан таъминлашда қийналаётгани, қарийб 80 фоиз болалар эса уйқуга оч ётаётганини айтишган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!