Андижонлик кўзи ожиз эркак Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади: "Ёрдам беринг"
Сайтимизга Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, Қора бўйин МФЙ, Қора бўйин 2-кўча, 74-уйда яшовчи Зокиржон ТОШПЎЛАТОВдан мурожаат келиб чиқди. Аниқроғи, у президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраган. Сайтимизда ана шу илтимосномани чоп этишга қарор қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентига очиқ хат!
Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев!
Сизнинг юртимизда олиб бораётган улкан ислоҳотларингиз барча ватандошларим каби менинг қалбимни ҳам чексиз ғурурга тўлдиради.
Сизни бундай одилона ислоҳотларингиз замирида аввало инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимояга олиш вазифаси биринчи масалалардан эканлиги айни ҳақиқатдир.
Бугунги кунда айрим мутасаддилар томонидан менга нисбатан эътибор бўлмаганлиги учун шахсан сизга очиқ хат ёзишга мажбур бўлдим. Чунки, сиз мамлакатимизнинг раҳбари сифатида ҳар бир фуқаронинг мурожаатига бефарқ эмассиз. Чунки сизнинг одилона ислоҳотларингиз амалда халқни давлатдан рози қилишдек эзгуликка хизмат қилмоқда. Бу эса менинг қалбимда ҳам катта умид уйғотяпти. Шу сабаб сизга очиқ хат йўллашга қарор қилдим.
Мен Тошпўлатов Зокиржон Давронбек ўғли. Менинг болаликдан кўзларим ожиз бўлиб, 1-гуруҳ ногирониман. 1994 йил Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилганман. Кўзи ожиз ногиронлигим сабабли 2000-2012 йилларда Асака туманидаги 16-сон махсус кўзи ожизлар мактаб интернатида брайлъ усулида таҳсил олиб, мактабни аъло баҳоларга битирганман. Мактабда ўқувчилик давримданоқ бадиий китобларни мутолаа қилишга, назмий шеърларни ифодали ўқишга меҳр қўйганман. Бундан ташқари, мактаб интернатида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашардим. Ўзим назмий шеърлар машқ қилиб турардим. Бу туғма истеъдодимни йиллар давомида мукаммаллаштиришга астойдил ҳаракат қилдим. Ҳозирда ўз устимда янада ишлаб, мазмунга бой шеърлар ёзяпман, назмий йўналишда эркин ижод қиляпман. Ижод намуналарим аллақачон матбуот юзини кўриб улгурган бўлиб, 2018 йилда “Озор берма дилимга” номли биринчи китобим ҳам нашр қилинди. Ҳозирда шеърлар машқ қилиш билан бирга ҳажвиялар, пародиялар ҳам ёзишга киришганман. Қолаверса, тақлид ва қўшиқчилик санъати борасидаги туғма истеъдодимни янада шакллантиришга ҳам ҳаракат қиляпман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев! Сизга мурожаат қилишимдан мақсадим, менга моддий ёрдам эмас, маънавий кўмак зарур. Шу кунгача газета ва журналлардаги ижод намуналаримни ва шеърий тўпламимни ҳам ўз кучим ва салоҳиятим билан чоп эттирдим. Аввал бу борада Шаҳрихон туман ҳокимлигига, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрихон туман Кенгашига ва Шаҳрихон туман кўзи ожизлар жамиятларига қайта-қайта мурожаат қилганман. Лекин, юқорида номлари қайд этилган мутасадди ташкилотлар томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади. Мисол учун “Менинг юртим” телеканалидаги “Эътибор марказида” ҳамда “Зўр ТВ” телеканалидаги “Менинг орзуим” кўрсатувида чиқиш истагим борлигини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрихон туман Кенгашига билдирганимда улар томонидан ҳеч қандай кўмак кўрсатилмади.
Менинг ягона орзу-истакларим, мен ҳам соғлом тенгдошларим каби халқимга нафим тегса дейман. Гарчи 1-гуруҳ ногирони бўлсам-да халқимга сидқидилдан хизмат қилиб, ўзимдан яхши ном қолдиришни, ижодкор сифатида жамиятда ўз ўрним бўлишни хоҳлайман. Ҳозирда ишсиз бўлганим туфайли имкониятимни ҳисобга олиб иш билан таъминлаб беришларини сўрайман.
Қолаверса, туман, вилоят, республика ёшлари учун жорий этилган маънавий-маърифий тадбирларда ҳамда кўрик-танловларда фаол қатнашиб, ўз истеъдодимни намойиш этиб боришни, мен ҳам мутасаддилар томонидан маънавий қўллаб-қувватлашларини, уларнинг доимий эътиборида бўлишни истайман.
Сизга юксак Ҳурмат билан...
Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ,
Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани,
Қора бўйин МФЙ, Қора бўйин 2-кўча, 74-уй.
