Алимент тўламаган яна бир ота 15 суткага қамалди
Барчамизга маълумки, фарзандларга моддий ёрдам кўрсатишни рад этиш бола ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади. Албатта, ҳар бир инсон у ёки бу вазиятда қандай йўл тутишни ўзи танлайди. Бироқ, танланган йўл боланинг юзидаги табассуми ва қувончидан маҳрум қилмаслиги лозим.
Афсуски, бугунги кунда алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан, фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келаётган фуқаролар ҳақида тез-тез эшитиб турамиз. Алимент пулларини ўз вақтида тўламасликлари ҳисобига болани моддий ва маънавий озуқадан маҳрум қиладилар.
Буни Бюронинг Навбаҳор туман бўлими иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор У.Ў.дан ундирувчи М.Т.нинг фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мисолида кўрсак бўлади.
Ушбу ижро ҳужжати юзасидан қарздор У.Ў. жами 18 млн. сўмдан ортиқ алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаб яшириниб юрган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қарздор У.Ў. жорий йилнинг август ойида Навоий шаҳридаги чойхонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб юрган вақтида ушланган ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилиб, 05.08.2024 йилда қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ қўлланилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Зиммасидаги масъулият ва суд қарори ижросини таъминлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларни кўплаб мисол келтириш мумкин. Бироқ, алимент бу қарз эмас, балки фарзанд вояга етгунга қадар бериладиган таъминотдир. Буни бажариш эса, ҳар бир ота-онанинг бурчи.