Абхазия тўлиқ электр таъминотисиз қолди

"19 апрел куни тан олинмаган Абхазия Республикаси ҳудудининг барча қисмида электр энергияси таъминоти тўхтатилди. Грузия энергия тизимида авария юз берди, натижада Абхазия энергия тизими бутунлай электрсиз қолди", дея баёнот берди “Черноморенерго” компанияси матбуот хизмати.
Грузиянинг Рустави 2 телеканали хабар беришича, электр узилишлари бутун Грузия бўйлаб, шу жумладан, пойтахт Тбилисида ҳам кузатилган.
“Грузия давлат энергия тизими” компаниясининг маълум қилишича, авария натижасида “Кавкасиони” юқори кучланишли линияси узилган. Энергетика компаниясининг маълумотига кўра, авария маҳаллий вақт билан 12:30 га келиб бартараф этилган.
2024 йил декабр ойида ҳам тан олинмаган Абхазия Республикаси ҳудудида электр таъминоти вақтинча тўхтатилган эди. Бунга Абхазиянинг асосий электр манбаи бўлган Ингури ГЕСи фаолиятининг тўхтатилиши сабаб бўлган.
Абхазиянинг энергия эҳтиёжлари қисман Россиядан узатиладиган электр таъминоти орқали қопланади, бироқ тан олинмаган республика расмийлари Россиядан электр харид қилиш учун маблағ етишмаслигини билдирган эди. Россия томони эса ўз навбатида Абхазияга “фавқулодда электр таъминоти” билан ёрдам берилишини маълум қилган.