77 ёшли собиқ президент иш изламоқда. У электрчи бўлишга рози
Польшанинг собиқ президенти ва Нобель мукофоти совриндори Лех Валенса коронавирус пандемияси ва пенсияси етмаётгани сабабли иш излаётганини маълум қилди.
“Мен қўшимча иш изламоқдаман. Чунки биргина пенсияга яшаймиз. Аввал Ғарбга университетларда маърузалар ўқигани борардим, бироқ пандемия мени бундай имкониятдан маҳрум қилди. Пенсия эса етмаяпти, чунки рафиқам кўп пул сарфлашни яхши кўради”, деб айтган Валенса. Собиқ президентнинг таъкидлашича, унга электрчи касби кўпроқ мос келади, чунки шу йўналиш бўйича таълим олган.
“Мен мамнуният билан электрчи бўлиб ишлардим. Ҳанузгача Ом, Кирхгоф қонунлари ва бошқа баъзи нарсалар эсимда. Бироқ жин урсин, барчаси ўзгариб кетди ва ҳозирги машиналар мени ўлдириб қўймасмикин, деб қўрқаман”, деб таъкидлаб ўтган Валенса.
77 ёшли сиёсатчининг таъкидлашича, у пенсияга чиққандан кейин 6 минг злотий (1,6 минг доллар) миқдорида пенсия олади, бироқ рафиқаси ҳар ой “7 минг злотий” сарфлайди.
Таъкидланишича, Польшада ўртача ойлик 4,9 минг злотийни ташкил қилади.
Аввалроқ ҳам Валенса молиявий аҳволидан шикоят қилиб, “тиланчилик қилишга ҳам тайёрлигини” айтган.
Лех Валенса 1983 йилда тинчлик учун Нобель мукофотини олган. У Польшани 1990-1995 йилларда бошқарган. Валенса пандемиягача дунёнинг турли университетларида пуллик маърузалар ўқиб келган.