2025 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарида қилган маърузаларидаги стратегик йўналишлар, аниқ вазифаларга эътибор қаратилди. Қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партиялар фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди. Шунингдек, келгуси йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан ушбу йўналишларга сарфланадиган маблағларнинг манзиллилиги ва натижадорлигига эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари учун йўналтирилаётган маблағлар манзиллилиги, бунда коррупцияга йўл қўйилмаслик учун қандай чоралар кўрилиши, яшил бюджетлаштириш учун режалаштирилган харажатлар натижадорлиги, шунингдек, бюджет маблағлари устидан молиявий назорат тизимларини такомиллаштириш бўйича савол ҳамда аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қонун лойиҳасида бюджет тақчиллиги чекланган миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймаслик, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча харажатларни амалга оширишда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, давлат ташқи қарзининг ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича лойиҳада белгиланган чегарадан ошиб кетмаслик бўйича ҳукуматнинг ўз зиммасига олаётган мажбуриятлари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.