2021 йилда миллиардерлар сони 400 нафарга кўпайди

2021 йилда миллиардерлар сони 400 нафарга кўпайди

2021 йилда дунёда 400 нафар янги миллиардер пайдо бўлди. 17 декабр ҳолатига кўра, айни вақтда дунёда 2600 нафардан кўпроқ миллиардер бор бўлиб, уларнинг умумий бойлиги 14 трлн долларга яқинни ташкил қилади. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.

Аёллар орасида энг бой янги миллиардер Мириам Адельсон бўлди. У бир нечта казино эгаси бўлган америкалик Шелдон Адельсоннинг беваси ҳисобланади. Адельсон марҳум турмуш ўртоғи капиталининг асосий қисмини ташкил қилган Las Vegas Sands компаниясидаги улушини мерос қилиб олган. Мутахассислар ушбу улушни 27,1 млрд долларга баҳолашмоқда.

Миллиардерлар клубига кирган янги аъзоларнинг кўпчилиги Хитойдан бўлиб, ушбу давлатда бир йил ичида 160 нафар янги миллиардер пайдо бўлган. Бу борада Хитой ортидан деярли 100 нафар янги миллиардер билан АҚШ келмоқда. Ҳиндистон ва Германияда миллиардерлар сони 20дан кўпроққа, Швецияда 12 нафарга кўпайган. Тўртта давлатда биринчи миллиардерлар айнан 2021 йилда пайдо бўлган.

Жумладан, Болгарияда ака-ука Кирилл ва Георги Домушиевлар миллиардерлар сафига кирган. Улар ўз империяларини ветеринария маҳсулотлари, юк ташувлари, кўчмас мулк бизнеси ва футбол орқали қуришган. Айни вақтда тадбиркорларнинг бойлиги 4,2 млрд долларга баҳоланмоқда.

Шунингдек, америкалик қўшиқчи Рианна Барбадоснинг биринчи миллиардерига айланди. Унинг бойлиги 1,7 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Эстонияда 2021 йилда Wise тўлов сервиси асосчилари Кристо Кяерманн ва Таавет Хинрикус ҳам илк миллиардерларга айланган.

Уругвайда dLocal халқаро тўлов стартапи биринчи марта биржага чиққандан кейин бирданига 3 нафар миллиардер пайдо бўлган.

2021 йилдаги янги миллиардерларнинг ярмидан кўпи ўз капиталини уч соҳа – ишлаб чиқариш, технологиялар ҳамда молия ва инвестиция орқали кўпайтира олган. Бу борада ишлаб чиқариш айниқса сердаромад бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!