Коронавирус туфайли дунёда яна қанча одам қашшоқликка дучор бўлиши айтилди
Коронавирус пандемиясининг дунёда қашшоқлик даражасининг ўсишига таъсири кучайишда давом этмоқда, энг ёмони ҳали олдинда. Бу ҳақда 11 сентябрь куни БМТ маърузасига таяниб The Guardian хабар берди, деб ёзади "Дарё".
БМТнинг қашшоқлик ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Оливье де Шуттернинг айтишича, агар бир кунлик яшаш учун зарур миқдор ўртача 3,2 доллар деб олинадиган бўлса, дунёда 176 миллион киши қашшоқлар қаторига қўшилиши мумкин.
У пандемиянинг иқтисодий оқибатлари тинчлик даврида мисли кўрилмаганлигини таъкидлаб, вазиятни 30 йиллардаги Буюк депрессия билан таққослади.
Унинг айтишича, турли мамлакатларда давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида камчиликлар бор ва у қисқа муддатли характерга эга, ажратилган маблағлар эса етарли эмас. Оқибатда кўплаб фуқаролар расмийлар эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Шунингдек, кўпчилик одамлар компьютер саводсизлиги ёки интернетга кириш имконияти йўқлиги сабабли ҳукуматнинг ёрдам дастурларидан фойдалана олмаётганини қўшимча қилган.
Оливье де Шуттер, шунингдек, сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида йиғиладиган дунё раҳбарларига қашшоқликни йўқ қилиш ва дунёдаги тенгсизликни камайтириш учун янада қатъий қадамлар кўришга чақирди.
Апрель ойининг бошларида БМТ коронавирус туфайли араб давлатларида 8,3 миллион киши қашшоқликка дуч келишини, озиқ-овқат билан етарли таъминланмаганлар сони 2 миллионга кўпайишини маълум қилганди. Кейинроқ очлик дунёнинг 30 мамлакатида тарқалиши билдирилган.
Август ойида Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли пандемия сабаб очарчилик кучайгани, Лотин Америкасида очарчиликдан азият чекадиган инсонлар сони 269 фоизга, Шарқий ва Марказий Осиёда 135 фоизга, Жанубий Африкада эса 90 фоизга ошишини маълум қилди.