Ёш киноижодкорлар президент эътиборида
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий кино санъатини ривожлантириш, ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, замонавий ва рақобатбардош кино маҳсулотларини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу эътибор ва ғамхўрлик натижасида ўзбек киноижодкорлари халқаро майдонларда юксак натижаларга эришиб, мамлакатимиз нуфузини янада оширмоқда.
Хусусан, Франциянинг Cannes шаҳрида бўлиб ўтган ENTRE DEUX CANNES халқаро инклюзив кинофестивалида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми Гран-при мукофотини қўлга киритгани халқимиз учун катта қувонч ва фахр бўлди. Ушбу ютуқ миллий кино санъатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Ана шу тарихий муваффақиятни муносиб қадрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро кинофестивалда ғолибликни қўлга киритган ёш ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, халқаро майдонда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган бир гуруҳ ёш киноижодкорлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Бу мукофот ёш ижодкорларнинг меҳнати, излануви ва санъатга бўлган фидойилигига берилган юксак баҳо бўлди. Шу билан бирга, мазкур эътироф бошқа ёшлар учун ҳам катта мотивация вазифасини ўтамоқда. Чунки давлат томонидан билдирилаётган бундай ишонч ва рағбат ёшларнинг янги марраларни забт этишига илҳом бағишлайди.
“Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган ёш киноижодкорлар ўз ижоди орқали миллий қадриятларимизни, инсонпарварлик ғояларини ва ўзбек халқининг бой маданиятини халқаро аудиторияга етказишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Айниқса, ёш авлоднинг замонавий дунёқараш, юксак маҳорат ва миллий руҳ уйғунлигида яратаётган фильмлари ўзбек киносининг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда кино соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган замонавий инфратузилма, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими келгусида ҳам янги ютуқлар ва халқаро эътирофлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, истеъдодли ёшларни қадрлаш ва рағбатлантириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан биридир.
