G7 саммитида Украина Россияга қарши янги санкциялар талаб қилди
Украина молия вазири Сергей Марченко Россияга босимни кучайтириш ва янги санкциялар жорий этиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, Киев июнь ойи бошида Европа Иттифоқидан кредитнинг биринчи траншини олишни кутмоқда.
Марченко 18 май куни Парижда бўлиб ўтган G7 — “Катта еттилик” давлатлари молия вазирлари учрашувида журналистлар билан мулоқот қилди.
Унинг таъкидлашича, Украина Россияга нисбатан босимни давом эттириши керак.
“Биз Россияга босим ўтказишни давом эттиришимиз, унга қарши қўшимча санкциялар жорий қилишимиз керак”, — деди Марченко.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Украина Россиядаги нефтьни қайта ишлаш заводлари ва бошқа инфратузилма объектларига ҳужумларни давом эттирмоқда.
Марченко Европа Иттифоқи томонидан ажратиладиган 90 миллиард евролик кредит ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Унинг айтишича, Киев ҳозирда зарур ҳужжатларни имзолаш босқичига яқинлашмоқда.
“Биз барча зарур келишувлар устида ишни якунлаяпмиз. Эҳтимол, бу июнь бошида амалга ошади”, — деди Украина молия вазири.
Politico нашрининг 14 май кунги маълумотига кўра, маблағ ажратилишидан олдин Европа Иттифоқи бюджети кафолати асосида тақдим этиладиган макромолиявий ёрдам шартлари акс этган “ўзаро англашув меморандуми” имзоланиши лозим.
Шунингдек, келишув Украина парламенти — Олий рада томонидан ҳам ратификация қилиниши керак. Кредитнинг ярми жорий йилда, қолган қисми эса 2027 йилда тўланиши режалаштирилган.
Германия молия вазири Ларс Клингбайл ҳам G7 йиғилиши доирасида Европа мустақиллиги ва барқарорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда, бизга кўпроқ европача ватанпарварлик керак”, — деди у AFP агентлигига.
Клингбайл Франция президенти Эммануэл Макрон билан бир соатлик учрашув ўтказганини ва музокараларда мазкур масалалар муҳокама қилинганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Франция ва Германия ҳамкорлиги Европа учун айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Reuters маълум қилишича, G7 давлатлари ҳукуматлари муҳим минераллар ва нодир ер элементлари соҳасида Хитойга қарамликни камайтириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга уринмоқда.
Клингбайл бу борада вақтни бой бериш мумкин эмаслигини таъкидлаб, Европада чиқиндиларни қайта ишлаш квоталарига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.
G7 давлатлари молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг учрашувлари 19 май куни ҳам давом этади. Унда жаҳон иқтисодиёти, давлат қарзи ва минтақавий инқирозлар асосий мавзулардан бири бўлади.
