Ўзбекистонликлар бугунги Ой тутилишини қаерда ва қандай кузатишлари мумкин? (фото)

Ўзбекистонликлар бугунги Ой тутилишини қаерда ва қандай кузатишлари мумкин? (фото)

Бугун, 27 июлдан 28 июлга ўтар кечаси қизиқарли осмон ҳодисаси – Ойнинг тўлиқ тутилиши содир бўлади. Бу тутилиш Ўзбекистоннинг ҳамма жойларида бошдан охиригача кузатилади. Ушбу ҳодисанинг рўй беришига сабаб уч осмон жисми – Қуёш, Ер ва Ойнинг бир тўғри чизиқда жойлашиши ва Ер соясининг Ой сиртига тушишидир, деб хабар қилади Улуғбек номидаги Астрономия институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Юсуф Тиллаев.

Тутилиш 27 июль куни бутун Ўзбекистон ҳудудида бир вақтда – соат 23:24 да бошланади, бунда Ер сояси Ой дискини секин-аста тўса бошлайди. Бир соатдан кейин, яъни 28 июль соат 00:29 да Ой сирти соя билан батамом қопланади, тутилишнинг тўла фазаси бошланади. 

Бизга маълумки, Қуёш тутилганида Қуёш қисман ёки тўлиқ кўринмай қолади. Ой тутилишида эса Ой бутун тутилиш давомида кўриниб туради. Фақат Ой соя ичида ҳаракатлана бошлаганда у қизғиш – жигарранг тусда кўринади. 

Тўла тутилиш фазасининг давомийлиги 1 соат 43 минутни ташкил қилади, яъни Ой 103 минут давомида сояда бўлади. У соат 2:14 да соядан чиқа бошлайди, соат 3:20 да эса бутунлай соядан холи бўлади. Тутилишнинг умумий давомийлиги эса салкам 4 соатни ташкил этади. 

Тутилишни оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Агар бордию сизда дурбин ёки кўриш трубаси бўлса, Ой юзини яхшироқ кўришингиз ва ушбу астрономик ҳодисадан кўпроқ завқ олишингиз мумкин. 

Охирги марта Ойнинг тўла тутилиши мамлакатимизда шу йилнинг 31 январь куни кузатилган эди. Бу сафар Ой Ер соясининг марказидан ўтиши билан ажралиб туради ва шунинг учун тутилиш давомийлиги нисбатан узоқ – 103 минутни ташкил этади. Охирги марта бунга ўхшаш тутилиш 2011 йилнинг 15 июнида содир бўлган эди. Унда тутилиш давомийлиги 1 соат 40 минутни ташкил қилган эди, яъни бу сафаргидан 3 минутга кам. 

27 июль куни яна бир ажойиб астрономик ҳодиса – Марснинг буюк рўпара туриши рўй беради. 

Ойнинг ёнгинасида, 6 градус жануброқда сиз ёруғ қизғиш «юлдуз»ни кўрашингиз мумкин, бу Марс сайёрасидир. У кун сайин Ерга яқинлашиб келмоқда, 27 июлда Марс энг қисқа масофа – 57,7 млн километргача яқинлашади. 

«Рўпара туриш» деб Марс “Ер-Қуёш” чизиғининг давомида Ер орбитасига энг яқин турган холатига айтилади. Ер ва Марснинг яқинлашиши хар 2 йилда содир бўлади ва бу холатда Марс бутун тун давомида кўриниб туради. Агар рўпара туриш ёзнинг охирида рўй берса, бунда Марс ўзининг Қуёшга энг яқин нуқтаси - перигелийдан ўтаётган бўлади ва Ер билан ўртадаги масофа 56-60 млн км ни ташкил этади. Бундай қарама-қарши туриш “буюк рўпара туриш” деб аталади. Бу ходиса 15 ёки 17 йилда 1 марта такрорланади. Бундай ҳодиса охирги марта 2003 йилнинг 27 августида содир бўлган эди, у ҳақиқатдан ҳам Марснинг «жуда буюк» рўпара туриши эди, чунки унгача масофа 56 млн километрдан камроқ қийматни ташкил этган эди. 

Хатто шундай яқин масофадан хам Марсни юлдуздан фарқлаш анча қийин. 50 марта катталаштиришга эга телескоп ёрдамида унинг фақат дискини кўриш мумкин. Бироқ Марс сиртидаги канал ва тоғларни кўриш учун катталаштириши 500 ва ундан юқори бўлган телескоп зарур. Бундан ташқари кузатувни шаҳардан ташқари, атмосфераси чанг ва булутлардан холи бўлган, турбулентлик кам бўлган жойда ўтказиш лозим. 

Ўзбекистондаги шундай жойлардан бири – бу Майданак тоғидир, у ерда Астрономия институтининг обсерваторияси фаолият олиб боради. Албатта, обсерватория Ой тутилиши ва Марснинг рўпара туришини кузатувлар режасига киритган ва бу ҳодиса фотосуратлари институт сайти орқали эълон қилинади, дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!