Ўзбекистонга олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган экологик хавфли маҳсулотлар сертификатлаштирилади

Ўзбекистонга олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган экологик хавфли маҳсулотлар сертификатлаштирилади

Ҳукумат қарори (75-сон, 16.02.2021 й.) билан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқишда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни мажбурий экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомга кўра, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги аккредитациядан ўтган экологик сертификатлаш органи томонидан бериладиган экологик сертификат асосида амалга оширилади.

Экологик сертификат олиш учун ариза берувчи “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали ёки тўғридан-тўғри Давлат экология қўмитаси тизимидаги экологик сертификатлаш органига ариза билан мурожаат қилади.

Экологик сертификатлаш органи 1 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади ва ҳужжатлар тўлиқ бўлганда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни сертификатлашни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Экологик сертификат:

— олиб кирилаётган экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларга (транспорт воситаларидан ташқари) аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган битта ташқи савдо шартномаси (контракти) ва етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув(лар) нусхасига асосан – бир календарь йилдан ошмаган муддатга;

— экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларнинг ҳар тўпига – бир йилдан ошмаган муддатга;

— маҳсулотларни сериялаб ишлаб чиқариш жараёнларига эса – 3 йил муддатга берилади.

Мазкур тартиб 2021 йил 1 майдан бошлаб кучга киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!