Ўзбекистонда яширин тамаки бозори: ҳудудий номутаносиблик ва салмоқли бюджет йўқотишлари
Ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмаси салмоқли бюджет йўқотишларига ва рақобат муҳитининг бузилишига олиб келиб, мамлакат иқтисодиётига жиддий таҳдид уйғотади.
2024 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасининг улуши 9,8 фоизни ташкил қилади, бу 2024 йил 10 ойи давомида 424,1 млрд сўмли тахминий бюджет йўқотишларига олиб келди. Бироқ, ҳудудий кўрсаткичлар сезиларли фарқланади. Фарғона водийси ноқонуний айланманинг энг юқори улушини намойиш этмоқда (18,1%). Бунда Фарғона вилояти 17,4%, унинг туманлари эса – атиги 3,7%ни ташкил қилади. Фарғона водийсининг ичида ҳам катта фарқ кузатилади: Қўқонда бу кўрсаткич 29,9%, Марғилонда – 25,2% ни ташкил қилса, Фарғонада туманида 11,8% даражасида.
Бошқа ҳудудларда ҳам шу каби вазият кузатилади. Наманган вилояти (27,4%) ва Наманган шаҳри (28,5%) ҳам юқори кўрсаткичларга эга. Андижон вилояти (9,7%) ва Андижон шаҳри (9,3%) нисбатан пастроқ, Тошкент вилоятининг кўрсаткичларига яқин (8,4%) натижаларга эга.
Навоий вилояти (9,0%) ва унинг туманлари (10,5%), шунингдек шаҳарлари (Навоий шаҳри – 5,3%) ўртасидаги фарқни қайд этиш ўринли. Бухоро вилоятида кўрсаткичлар 6,2% дан (туманларда) 8,0% гача (Бухоро ш.) ўзгарса, Қашқадарё вилоятида 4,5% дан 5,7% гачани ташкил қилади.
Сурхондарё вилояти энг паст кўрсаткичлардан бирини намойиш этмоқда (3,2%), ҳолбуки унинг туманларида 4,1% гача чиқади.
Самарқанд (4,0%) ва Сирдарё (3,5%) вилоятлари паст кўрсаткичларга эга.
Жиззах вилояти ноқонуний айланманинг катта даражасини намойиш этади (14,5%), унда туманлар (13,3%) ва Жиззах шаҳри (15,3%) ўртасида фарқ кам. Хоразм вилояти (1,4%) ва Қорақалпоғистон Республикаси (4,4%) мамлакатда энг паст кўрсаткичларга эга.
Тошкент шаҳри 7,8% даражасида ноқонуний айланмани намойиш этмоқда, бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан паст. Ангрен анчайин юқори кўрсаткич (10,2%) га эга бўлса, Олмалиқда энг паст кўрсаткичлардан бирини кўрамиз (2,7%).
Маълумотлар таҳлил ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасида салмоқли ҳудудий номутаносибликни кўрсатмоқда. Фарғона водийси, хусусан Наманган вилояти масъул органлар томонидан алоҳида эътиборни талаб қилувчи энг катта хатар ҳудуди бўлиб қолмоқда.
Шаҳарлар ва қишлоқ туманлар кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ, шунингдек алоҳида вилоятлар ичидаги кўрсаткичларнинг турфа хиллиги (масалан, Фарғона водийсида) тадқиқотларни давом эттиришни талаб этади.
Ноқонуний тамаки бозори туфайли юзага келган салмоқли бюджет йўқотишлари тамаки маҳсулотлари контрабандаси ва ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича самарали чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигига ишора қилади.
Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмаси билан боғлиқ вазият шошилинч чораларни талаб қилади. Кураш стратегияси комплекс бўлиши, чегараларда назоратни кучайтиришни, контрабандага қарши курашишни, шунингдек қонуний тамаки маҳсулотини солиққа тортишнинг самарадорлигини оширишни ўз ичига олиши лозим.
Қолаверса, бундай катта ҳудудий тафовутлар сабабини чуқур ўрганиш ва айрим шаҳарлар ҳамда ҳудудларда ноқонуний бозорнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи омилларни аниқлаш зарур.